Эртага кимларга мухлислик қиламиз?
28 июль куни Япониянинг Токио шаҳрида давом этаётган Олимпия ўйинлари доирасида тўрт нафар вакилимиз баҳсларда қатнашади. Эътиборли жиҳати, улардан икки нафари медаллар учун баҳс олиб боради.
Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Спортчиларимизнинг 28 июль кунги иштирокини дзюдо бўйича аёллар ўртасида 70 килограмгача бўлган вазн тоифасидаги вакиламиз Гулноза Матниёзова бошлаб беради. У дастлабки босқичда Чад вакили, 1994 йилда туғилган Демос Мемнелумга қарши татамига чиқади.
Шу куни яна бир дзюдочимиз Давлат Бобонов ҳам медаллар учун кураш олиб боради. Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши спортчиси ва ҳозирда анча яхши спорт формасида бўлган Бобоновнинг илк рақиби Италия терма жамоаси аъзоси Николас Мунгаи бўлади. Италиялик спортчининг Европа ва жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижаси – нимчорак финал бўлган. Умид қиламизки, эртанги баҳсда омад Давлатга кулиб боқади.
Шунингдек, эртага икки нафар боксчимиз ҳам рингга кўтарилади. Жумладан, 57 килограмгача бўлган вазн тоифасида Миразизбек Мирзахалилов ирландиялик Курт Антони Уокер билан куч синашса, -81 килограмм вазн тоифасидаги вакилимиз Дилшод Рўзметов ўзининг иккинчи жангини асли кубалик бўлган Озарбайжон терма жамоаси аъзоси Алфонсо Домингесга қарши ўтказади.
Қуйида спортчиларимизнинг иштироки вақтлари билан танишинг:
