Эрон Ҳурмуз бўғозида кемалардан ноқонуний бож ундиряптими? (+видео)
Дунёдаги энг муҳим энергетика йўлакларидан бири ҳисобланган Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият кескинлашмоқда. Тарқалган маълумотга кўра, Эрон расмийлари шу ҳудуд орқали ўтаётган хорижий кемалардан халқаро денгиз ҳуқуқи меъёрига зид равишда йирик миқдорда маблағ талаб қилмоқда.
“Bloomberg” ёзишича, Теҳрон бўғоздан ўтаётган айрим кемалардан 2 миллион долларгача пул ундира бошлаган. Ҳозирча бу амалиёт расмий мақомга эга эмаслиги, ҳар бир ҳолат алоҳида, яширин келишув асосида кечаётгани айтилмоқда. Тўлов қайси валютада, қандай йўл билан амалга оширилаётгани очиқланмаган. Бинобарин, айрим юк ташувчи компаниялар ўтиб олиш учун ҳақ тўлашга мажбур бўлган. Мазкур ҳолат Эроннинг стратегик сув йўли устидан назоратни кучайтиришга уринаётганини кўрсатмоқда.
Айни пайт Ислом Республикаси парламенти ушбу амалиётни қонунийлаштириш мақсадида махсус қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Ҳужжат орқали хорижий кемалардан Ҳурмуз бўғозидан фойдаланганлик учун расмий бож ундириш тартибини жорий этиш назарда тутилган. Табиийки, Форс кўрфази минтақасидаги кўп давлатлар вакиллари ташаббусга кескин қарши чиққан. Улар иддао қилишича, бундай тўловни тан олиш минтақа давлатларининг Эронга иқтисодий қарамлигини кучайтиради.
Ҳурмуз бўғози жаҳон бозорига етказиб бериладиган нефть ва суюлтирилган табиий газнинг қарийб 20 фоизи ўтадиган муҳим стратегик йўлак ҳисобланади. Ҳудуд орқали металл, ўғит ва бошқа саноат маҳсулотлари ҳам ташилади. Шу боис бу манзилдаги ҳар қандай кескинлик глобал иқтисодиётга бевосита таъсир этади. Хусусан, қўшимча тўлов юк ташиш харажатини оширади, суғурта хизмати нархи кескин кўтарилиши, натижада жаҳон миқёсида инфляция босими кучайишига олиб келади.
Вазият халқаро муносабатлар нуқтаи назаридан ҳам мураккаблашмоқда. Масалан, Ҳиндистон ҳукумати Теҳрон талабига расман эътироз билдирди. Деҳли халқаро ҳуқуқ меъёрига кўра, Ҳурмуз бўғозида эркин кема қатнови кафолатлангани, ҳеч бир давлат ҳудуддан ўтиш учун ҳақ талаб қилишга ҳақли эмаслигини таъкидламоқда.
Дарвоқе, АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вашингтон ҳозирча глобал энергия бозорида тақчиллик юзага келмаслиги учун Эрон нефти экспортига тўсқинлик қилмаётганини билдирган. Мабодо, Теҳрон янги тартибдаги тўлов шартини расмийлаштирса, АҚШ ва иттифоқчилар сиёсий ва эҳтимолий ҳарбий кескинликни янада кучайтириши мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/i3QdDsMQXmo?si=yECmdlY05lHGNs6p" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева,
Улуғбек Тўхтаев (видеомуҳандис),
ЎзА