Эрон АҚШнинг йирик компанияларига зарба бериши мумкин
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИМК) АҚШнинг йирик технология ва саноат компанияларига қарши эҳтимолий ҳарбий амалиёт бошланиши ҳақида кескин баёнот берди. Таъкидланишича, 1 апрель куни Теҳрон вақти билан соат 20:00 дан бошлаб 18 компанияга тегишли иншоотлар нишонга олиниши мумкин.
Ислом Республикаси томонидан эълон қилинган рўйхатга IT ва рақамли технология соҳасида фаолият юритадиган “Apple”, “Google”, “Microsoft” ва “Meta” каби гигантлар, шунингдек саноат ва юқори технология йўналишидаги “Nvidia”, “Intel”, “Boeing” ҳамда “Tesla” компаниялари киритилган. Бундан ташқари молия секторидаги йирик тузилмалар ҳам эҳтимолий мўлжал сифатида тилга олинган.
Мазкур кескин баёнот Теҳрон томонидан илгари сурилган “рақамли террор” айблови билан изоҳланган. ИИМК масъуллари ушбу компаниялар сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологияси ёрдамида Эроннинг ҳарбий тизими ва бегуноҳ аҳолисига қарши қаратилган амалиётни мувофиқлаштиришда иштирок этганини даъво қиляпти. Хусусан, 31 март куни Занжон шаҳридаги диний мажмуага уюштирилган ҳужум ҳамда юқори мартабали ҳарбий маслаҳатчи Жамшид Ишоқийнинг ҳалок бўлиши мисол қилиб келтирилган.
Эрон томони вазият жиддийлигини инобатга олиб, тилга олинган компаниялар ходимларига хавфсизлик нуқтаи назаридан идорани тарк этишни тавсия қилган. Айни пайт Президент Дональд Трамп вазият янада кескинлашиб, кенг кўламли тўқнашувга айланиб кетмаслиги учун дипломатик йўл излаш тарафдори эканлигини билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ҳозирча ушбу хабар халқаро расмий манбалар томонидан тўлиқ тасдиқлангани йўқ.
Ф.Яхшибоева, ЎзА