Эрон АҚШ ва Исроил ҳужуми оқибати ҳақида янги маълумот берди
Эрон АҚШ ва Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони бўйича маълумотни янгилади. Хусусан, марҳумлар шахсини аниқлаш жараёнидаги мураккаблик ҳам очиқланди.
Эрон суд-тиббиёт экспертиза ташкилоти раҳбари Аббос Масжодий маълум қилишича, мамлакат ҳудудида АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳарбий ҳаракат мислсиз даражада қурбонлар келтирган. Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар оқибатида Эрон бўйлаб 3000 дан кўп одам ҳалок бўлган.
Расмий маълумотда қайд этилишича, дастлабки босқичда марҳумларнинг қарийб 40 фоизининг шахсини аниқлаш қийин кечган. Яъни, айрим ҳолатлар экспертиза учун жуда мураккаб манзара касб этган. Шунга қарамасдан, суд-тиббий мутахассислар ва лаборатория имконияти тўлиқ сафарбар қилиниб, барча марҳумларни танишга эришилган. Уларнинг жасади дафн маросими учун оилаларига топширилган.
Масжодий мазкур жараён тизимли равишда олиб борилгани, ўта қийин вазиятларга ҳам экспертиза орқали аниқлик киритилганини таъкидлаган. Тўпланган маълумот Эрон расмий идоралари томонидан эълон қилинган сўнгги рақамлар сифатида тақдим этилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА