Сирдарё тумани Фурқат маҳалласида яшовчи Юсуф Раҳмон узоқ йиллар рўзғор ташвиши билан фарзандларидан узоқда, хорижда ишлади. Давлатимиз раҳбари томонидан берилган имтиёз ва имкониятлар туфайли у ўз юртида меҳнат қилиб даромад топиш мумкинлигини амалда исботлади.
Ҳоким ёрдамчиси маслаҳати ва кўмаги билан хонадонига туташ бўш турган, ҳеч ким фойдаланмаган зовур ёнидаги 10 сотих ерга тижорат банкидан 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қурди. Бу борада у Қуёш маҳалласида истиқомат қилаётган, иссиқхоначилик соҳасида кўп йиллик тажрибага эга уста деҳқонлардан маслаҳат олди. Уларнинг тавсиясига кўра, қишнинг охирларида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан олти минг дона экспортбоп булғор қалампири кўчатларини олиб келди. Томчилаб суғориш тизими асосида экди.
– Аввалига жуда ҳам иккиландим, – дейди Юсуф Раҳмон. – Оилавий муаммолар, рўзғор харажатлари, фарзандлардан узоқда ўтган умрим кўз ўнгимдан ўтди. “Эртага иш ўхшамаса-чи, яна хорижга кетаманми?” деган саволлар тинчлик бермасди. Турмуш ўртоғимнинг "Ҳаракат қилмасангиз, сизга ким бирор нарса беради?" деган гаплари далда бўлди. Шундан сўнг ишга бел боғладим.

Натижа кутилганидан ҳам яхши бўлди. Булғор қалампири кўчатлари ўз вақтида парвариш қилинди, чопиқ ва агротехник тадбирлар қуёшлик уста деҳқонлардан ўрганилганидек амалга оширилди. Қайси масалада тушунмовчилик бўлса, маслаҳат сўради. Меҳнати зое кетмади кўчатлар гулга кириб, илк меваларни бера бошлади.
– Ҳар бир кўчатни 2 минг сўмдан олганман. Олиш пайтида кўчатчилар айтган гапларга унча ишонмаган эдим. Биринчи ҳосилни кўргач, уларнинг ҳақ эканига амин бўлдим. Булғор қалампири кўчатлари ўсувчан, ҳосилдорлиги юқори экан, — дейди Юсуф Раҳмон. – Фарзандларим ҳам жуда хурсанд бўлди. Ахир хорижда шунча пулни топиш учун камида 6-8 ой меҳнат қилишим керак эди. Ваҳоланки, иссиқхонада яхши ташкил этилган меҳнат, экспортбоп экин ва бозорбоп нархлар ҳисобига бу маблағни уч ойда ҳам топса бўлар экан. Бу менинг шахсий ҳаётий тажрибамдан олган хулосам.
Юсуфжонга харидор топиш ҳам муаммо бўлмади. Бу борада Қуёш маҳалласидаги тажрибали иссиқхоначилар ёрдам берди. У 10 сотих иссиқхонадан биринчи йиғимда 62 миллион сўм даромад кўрди. Биринчи йиғимдан тушган даромад ҳисобидан кредит ва кўчат учун кетган харажатлар тўлиқ қопланди. Энг муҳими, кредит ҳисобидан қурилган иссиқхона фойда келтира бошлади. Иккинчи йиғим ҳам муваффақиятли бўлди. Кўпчилик булғор қалампири пишиб, бозорда кўпайиб кетгач, нарх тушиб кетади, деб ўйлаган эди. Аммо бундай бўлмади. Иккинчи ва учинчи йиғимлардан ҳам 25–30 миллион сўм атрофида соф даромад олинди. Ҳозирда иссиқхонадаги булғор ниҳоллари соғлом ва бардавом ўсмоқда. Бу нафақат Юсуф Раҳмонни, балки фарзандларини ҳам илҳомлантирди. Шу боис, иссиқхона ёнидаги яна 6 сотих ерда янги иссиқхона қуриш учун тайёргарлик кўрилмоқда.

Фурқат маҳалласининг “Боғаро” қишлоғида 101 та хўжаликда минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.
– “Обод маҳалла” дастури доирасида “Боғаро” қишлоғида 1050 метр узунликдаги йўлга асфальт тўшалди. 1200 метр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, унга 80 та тунги ёритиш чироғи ва 8 та кузатув камераси ўрнатилди. Бу ер ҳозир шаҳар кўчаларидай обод ва хавфсиз, – дейди Фурқат маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Саддам Муҳаммад Қайнаров. – Ушбу ҳудуд аҳолиси узоқ йиллардан буён деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келади. Президентимизнинг ташаббуслари доирасида аҳоли даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни бартараф этиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 101 та хўжаликдан 90 тасида иссиқхона ташкил этилди. Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг учун жами 1 миллиард 200 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Энг муҳими, “Боғаро” қишлоғига йўлингиз тушса, бугунги ислоҳотлардан рози, меҳнатидан мамнун инсонларни учратасиз. Энди уларнинг ҳар бирида оиласини боқадиган, тинч ва бардавом меҳнати бор. Бу эса даромад ошиши, камбағалликни камайтириш ва ишсизликни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири