Ер савдоси ортидаги фирибгарлик
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан хусусий корхона директори Шерзод Закировга (исмлар ўзгартирилган) нисбатан қўзғатилган жиноят иши белгиланган тартибда очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд тергови давомида тўпланган далиллар, тарафларнинг кўрсатмалари ҳамда иш материаллари мажмуасига кўра, судланувчи Ш.Закиров ўзининг мансаб мавқеидан фойдаланиб, бир неча фуқароларнинг ишончига кирган ҳолда уларни алдаш йўли билан катта миқдордаги пул маблағини қўлга киритгани аниқланди.
Судда келтирилган далилларга кўра, Ш.Закиров фуқароларга турар жой қуриш учун ер ажратиб беришни ваъда қилган. У хусусий корхонага тегишли деб кўрсатилган ҳудуддан ер ажратилгани ҳақида турли мазмундаги шартномаларни тақдим этган. Бироқ, ушбу шартномалар орқали фуқаролардан пул маблағи олинган бўлса-да, амалда ер майдонлари расмийлаштирилмаган.
Жумладан, алдов йўли билан фуқаро С.М. дан 7 минг 200 АҚШ доллари, фуқаро Ж.К дан 7 минг 900 АҚШ доллари, шунингдек, кўплаб фуқаролардан турли миқдорда пул маблағи олингани судда ўз тасдиғини топди. Олинган пуллар судланувчи Шерзод томонидан ўз ихтиёрига кўра тасарруф этилган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар ўз кўрсатмаларида ер участкаларига нисбатан ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштирилмаганини, тўланган пул маблағи қайтарилмаганини ҳамда уларнинг ишончи суиистеъмол қилинганини таъкидладилар. Шунингдек, айрим ҳолатларда фуқаролар томонидан ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилгани, кейинчалик эса мазкур ер участкалари бошқа шахсларга тегишли экани маълум бўлди.
Суд иш бўйича барча ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона таҳлил қилган ҳолда, судланувчи Ш.Закировнинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан тўғри малакаланган деб топди.Суд ҳукмига кўра, Ш.Закиров айбдор деб топилиб, унга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жазо тайинланди.
Мазкур иш фуқароларга ҳар қандай мулкий муносабатларда, айниқса, ер участкалари билан боғлиқ битимларда, ҳуқуқий асосларни чуқур ўрганиш, расмий ҳужжатларни синчковлик билан текшириш ва шубҳали таклифларга нисбатан ҳушёрликни ошириш зарурлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, ушбу суд қарори жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олишда муҳим профилактик аҳамиятга эга.
Жасурбек Балтабаев,
жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси.
ЎзА.