Ер фақат онлайн аукцион орқали олинади
Кейинги вақтда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ерни ноқонуний сотишга уриниш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Кўп ҳолларда бу ишга масъул шахслар ва собиқ амалдорлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаётган ходимлар қўл урмоқда. Ваҳоланки, улар бу қонунга зидлигини яхши билишади. Айрим кишиларнинг қонун-қоидаларни яхши билмаслиги ва ишонувчанлиги уларнинг тегирмонига сув қуймоқда.
Маълумотга кўра, 2023 йилнинг ўн бир ойида Самарқанд вилоятида уй-жой ва ер олди-сотдиси билан боғлиқ 12 та жиноят қайд этилган. Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга доир қонунбузарлик ҳолатлари эса икки мингга яқин. Аниқ тартиб-қоидалар ишлаб чиқилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай қонунга зид шунча ҳолат аниқланиши, албатта, ташвишланарли.
– Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги 6243-сонли фармони билан жараён тўлиқ ислоҳ қилиниб, ер бериш, сотишга оид аниқ тартиб ва қоидалар ишлаб чиқилган, – дейди Кадастр агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов. – Унга кўра, бугун ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эса очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида берилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинган.
Фуқароларимиз ёдида тутиши керак, республикамизда ер олиш фақат қонуний асосда, онлайн аукцион орқали амалга оширилади. Бошқача шаклда ер “сотиб” олинса, у қонуний ҳисобланмайди.
Кадастр агентлигининг асосий вазифаларидан бири ер ва кадастр назорати ишларини амалга ошириш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашдир. Шу боис биз давлатимиз раҳбари фармони ижросини таъминлаш, хусусан, ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, ер назоратини самарали ташкил этиш бўйича тизимли ўрганиш ишлари олиб боряпмиз. Дастлабки ҳисоботларимизга кўра, 2023 йилнинг 11 ойида вилоятда ўтказилган назорат тадбирларида ер билан боғлиқ 1970 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Уларда жами 448,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бугунгача 856 ҳолатдаги 210,6 гектар ерни ноқонуний эгаллаш бартарараф этилиб, ер майдонлари асл ҳолига қайтарилди. 864 та иш суд тартибида кўриб чиқилиши учун даъво аризалари киритилган. 195 ҳолатда эса ерни эгаллаб олиш билан боғлиқ жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли йиғилган ҳужжатлар ҳудудий прокуратура органларига тақдим этилди. Бундан ташқари, шу даврда 2000 та ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Афсуски, ноқонуний ер сотиш ҳолатларига кадастр соҳаси ходимлари ҳам иштирокчи бўлиб қолмоқда. Ўтган йил бошқарманинг қуйи тизимида фаолият кўрсатаётган 4 нафар ходим шундай қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш эса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга уч юз баравари миқдорда жарима солинишига олиб келади. Кодекснинг 68-моддасига кўра, тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек, тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Айтиш жоизки, баъзи фуқаролар ерга бино қуриб олсам, давлат ҳужжатлаштириб беради, деган нотўғри тушунча билан шу ишга қўл урмоқда. Бугун кадастр соҳаси энг сўнгги технологиялар асосида иш олиб боради. Яъни, зарур бўлса, ер участкасининг бир неча йил аввалги ҳолатини космик суратлар асосида текшириш имконияти мавжуд. Шу боис бундай йўл тутиш қонунга зидлигини яна бир бир фуқароларга эслатиб ўтмоқчимиз.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири