Энергия сиёсати: Дунёни ҳамон нефть ва газ бошқаряптими?
Жаҳон энергетикаси бугун кескин ўзгариш босқичидa. Қуёш, шамол ва водород каби қайта тикланувчи манбалар жадал ривожланаётган эса-да, нефть ва газ ҳали-ҳамон глобал иқтисодиётнинг асосий таянчи бўлиб қолмоқда. Кўплаб давлатлар декарбонизация сиёсатини кучайтиряпти, аммо энергия балансида углеводоро улуши юқори даражада сақланмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Оқилиддин Алимов таҳлили шуни кўрсатадики, нефть ва газ фақат иқтисодий ресурс эмас, балки кучли геосиёсий восита сифатида аҳамиятини йўқотгани йўқ. XXI асрнинг учинчи ўн йиллигида ҳам жаҳон энергия истеъмолининг салмоқли қисми айнан шу манбалар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бинобарин, экспортчи давлатлар учун энергия ресурслари ташқи сиёсатнинг муҳим инструменти бўлиб қолмоқда.
Хусусан, Россия – Украина можароси глобал энергия бозоридаги мувозанатни издан чиқарди. Европа мамлакатлари Россия газига қарамликни қисқартиришга шошилди ва қисқа вақт ичида АҚШ ҳамда Қатардан суюлтирилган газ импортини оширишга киришди. Москва эса ўз навбатида экспорт йўналишини Осиёга буриб, Хитой ва Ҳиндистон билан ҳамкорликни кенгайтирди. Энергия нархи кескин ўсиши эса жаҳон иқтисодиётига босимни кучайтириб, инфляцияни жадаллаштирди.

Европада энергетика хавфсизлигига ёндашув тубдан ўзгармоқда. Энди асосий эътибор фақат таъминот узлуксизлигига эмас, балки бутун тизим барқарорлигига қаратиляпти. Шу мақсадда диверсификация, инфратузилмани такомиллаштириш ва яшил энергетикага ўтиш бир йўла амалга ошириляпти. Германия ва яна бир неча қудратли давлатларда қисқа муддатда суюлтирилган газ терминаллари қурилиши, қайта тикланувчи манбалар улуши оширилиши айни стратегиянинг амалий кўринишидир.
Қайта тикланувчи энергия манбалари тез ривожланаётганига қарамай, нефть ва газ стратегик аҳамиятини тўлиқ йўқотяпти, деган қараш ҳали илмий жиҳатдан исботланган эмас. Зеро,тизимдаги ўзгариш табиатан узоқ муддат ва босқичма-босқич кечади. Демак, углеводород, айниқса табиий газ яқин истиқболда “ўтиш ёнилғиси” сифатида сақланиб қолади. Кўмирга нисбатан камроқ карбон чиқинди чиқариши газни аксар давлатлар учун декарбонизация йўлидаги амалий ечимга айлантирмоқда. Айни пайт нефть маҳсулотлари авиация, нефть-кимё ва транспорт соҳаларида ҳозирча муқобили тўлиқ шаклланмаган ресурс сифатида аҳамиятини сақлаб турибди. Шу боис энергия бозорида нефть ва газнинг роли пасайишдан кўра, янги технология ва диверсификация жараёни билан уйғунлашиб, ўзгариб боряпти, дейиш тўғрироқ.
Глобал энергия геосиёсатида янги куч марказлари шаклланмоқда. АҚШ, Хитой ва Яқин Шарқ давлатлари ўртасидаги рақобат бугунги кунда энергетика тартибини белгилаётган асосий омиллардан бирига айланди. АҚШ суюлтирилган газ экспорти орқали Европа бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаб, иқтисодий таъсир билан бирга сиёсий мавқкини ҳам кучайтирди. Хитой эса дунёдаги энг йирик энергия импортчиси сифатида узоқ муддатли шартномалар орқали таъминот хавфсизлигини кафолатлашга ҳаракат қилиб, Россия ҳамда Яқин Шарқ билан ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда. Яқин Шарқ давлатлари эса OPEC+ доирасида нефть бозоридаги таъсирини сақлаб қолишга интилмоқда.
Натижада энергия геосиёсати тобора кўп қутбли тус олмоқда. “Истеъмолчилар гуруҳи”, “экспортчилар уюшмаси” ва “технология-энергетик альянси” каби янги форматлар шаклланяпти. Бу жараёнда Хитой алоҳида ўрин эгаллайди. Чин энергетика дипломатияси босқичма-босқич ривожланмоқда: аввал ресурсларга кириш, кейин логистика хавфсизлигини таъминлаш, энди эса технология устунлиги учун кураш. Яъни, ХХР нафақат йирик истеъмолчи, балки келажак энергетика тартибини шакллантиришга даъвогар геосиёсий куч сифатида намоён бўлмоқда.
Ҳозирги кунда Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият глобал энергия тизими учун жиддий хавф омилига айланган. Дунё нефти ва газининг салмоқли қисми ташиладиган ушбу стратегик йўлак “глобал энергетика артерияси” сифатида кўрилади. Минтақадаги кескинлик юк ташиш хавфини ошириб, жаҳон бозорида нарх беқарорлигига сабаб бўлмоқда. Бундай шароитда таъминот занжиридаги ҳар қандай узилиш нафақат нефть ва газ, балки электр энергияси, транспорт харажати, кимё саноати ва ҳатто озиқ-овқат ишлаб чиқаришига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Мазкур жараёнда энергетика дипломатияси ҳам янги мазмун касб этмоқда. Энди музокара фақат ресурс эмас, балки транспорт йўлаклари ва логистика хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олмоқда. Денгиз йўли хавфсизлиги энергетика келишувларининг ажралмас қисмига айланди. Натиажада энергетика анъанавий “ресурс дипломатияси” тушунчасидан кўра кенгроқ – инфратузилма ва хавфсизликка йўналтирилган янги босқичга кўтарилмоқда.
Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун глобал энергетикадаги бу ўзгариш бир вақтнинг ўзида ҳам хавф, ҳам янги имконият тақдим этади. Минтақамиз табиий ресурсларга бой. Айни пайт инфратузилмани такомиллаштириш ва бозорларни диверсификация қилиш масаласи барибир долзарб. Ўзбекистонда ички энергия истеъмоли ўсиши – аҳоли сони ва саноат миқёси ортиши соҳада тизимли ислоҳотни тақозо этмоқда. Айни шароитда газ экспорти ва ички таъминот ўртасидаги мувозанатни сақлаш стратегик вазифага айланган. Қуёш ва шамол энергетикаси салоҳияти ҳам фаол ишга солинмоқда – йирик халқаро молиявий тузилмалар билан ҳамкорликда йирик “яшил” лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мутахассислар “икки йўналишли стратегия”ни энг мақбул ечим сифатида кўраётган бундай ҳолатда қисқа ва ўрта муддатда табиий газ иқтисодий барқарорлик ва экспорт тушумининг асосий манбаси сифатида сақланади. Узоқ истиқболда айнан шу ресурслардан келаётган даромад қайта тикланувчи энергияни ривожлантиришга йўналтирилиши лозим. Мазкур ёндашув энергия соҳасидаги трансформацияни кескин эмас, балки босқичма-босқич амалга ошириш, шу билан бирга иқтисодий хавфни юмшатиш имконини беради.
Глобал миқёсда энергия геосиёсати янги босқичга чиқмоқда. Масала энди углеводороддан тўлиқ воз кечишда эмас, балки зарарли чиқиндини замонавий технология ва экология талаби билан уйғунлаштиришда. Нефть ва газ ҳали узоқ вақт давомида жаҳон иқтисодиёти ҳамда халқаро сиёсатнинг муҳим омили бўлиб қолади. Фақат таъсир энди аввалгидек бирёқлама эмас, балки диверсификация, инновация ва барқарор ривожланиш каби омиллар билан уйғун ҳолда намоён бўляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА