Энергетика соҳасида янги авлод мутахассислари учун имкониятлар кенгаймоқда
Тошкент давлат техника университетида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг бўлажак энергетиклар, талабалар ва ёш олимлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда ТДТУ ректори Садриддин Туробжонов, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов сўзга чиқиб, энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш бугунги кунинг муҳим вазифаларидан эканини таъкидлади.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, ёшлар ташаббуслари соҳанинг келажаги учун муҳим ҳисобланади.

–Бугун энергетика тизими жадал янгиланмоқда. Бу жараёнда энг асосий омил - билимли, фидойи ва замонавий фикрлайдиган ёш кадрлар. Сизларнинг илмий изланишларингиз, янги технологиялар бўйича таклифларингиз ва инновацион ғояларингиз мамлакатимиз энергетикаси ривожида муҳим ўрин тутади. Биз ёшларнинг ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлашга, улар учун зарур шароит яратишга доимо тайёрмиз, – деди вазир.
Тадбир доирасида вазир талабалар ва ёш тадқиқотчилар томонидан ишлаб чиқилган илмий стартап лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ушбу ишланмалар орасида энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, рақамли бошқарув тизимлари ва интеллектуал ечимларга қаратилган ташаббуслар алоҳида қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, вазир университетда янги ташкил этилган “Startup Hub Expo Center” маркази фаолияти билан танишди. Ушбу марказ талабалар ва ёш олимларнинг инновацион ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш, стартапларни ривожлантириш ва янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим майдон вазифасини бажаради.

Учрашув якунида талабалар соҳадаги амалий тажриба, замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, истиқболли лойиҳалар ва иш ўринлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Бу каби мулоқотлар ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни соҳадаги ислоҳотларга фаол жалб этиш ва мамлакат энергетикаси учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА