Энергетика соҳасида назорат самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
“Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов раҳбарлигида энергетика соҳасида давлат назоратини самарали ташкил этиш ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказилди.
Унда таъкидланганидек, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, исрофгарчилик ва ноқонуний истеъмол ҳолатларининг олдини олиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Йиғилишда назорат тадбирларида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик масалалари кўриб чиқилди.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, истеъмолчилар ўртасида энергия тежамкорлигини тарғиб қилиш, профилактик тадбирлар ва энергия аудитларини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, энергия йўқотишларини камайтириш, электр таъминотидаги авариявий узилишлар сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Назорат жараёнларига рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Газ тақсимлаш станциялари ва автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг техник ҳолати, суюлтирилган газ ҳамда электр энергиясидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда ҳудудий бошқармалар фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, раҳбар ва масъул ходимларга ижро интизоми ҳамда шахсий масъулиятни ошириш, аниқланган муаммоларни бартараф этишни назоратга олиш вазифаси юклатилди.
Тадбир якунида ҳудудий бошқармалар масъулларининг ҳисоботлари тингланиб, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва давлат назорати натижадорлигини оширишга қаратилган чоралар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА