Энди юртимга тез-тез келиб тураман
Ўзим Тошкентда туғилиб ўсганман.
Ўзим Тошкентда туғилиб ўсганман. Ўрта таълимни Қорақамишдаги 133-умумтаълим мактабида олганман. Кейин Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейни битириб, Тошкент давлат Шарқшунослик институтига қабул қилиндим. Шарқ фалсафаси йўналиши бўйича олдин бакалавр, сўнгра магистратурани тугатдим. Олий таълим жараёнида араб, форс тилларини ўргандим.
Билимимни янада ошириш мақсадида магистратура таълимини дастлаб Варшава университетида давом эттирдим. Кейин АҚШнинг Индиана-Блумингтон университетини имтиёзли диплом билан тугатдим. Шу олий ўқув юртида докторантурага кириб, 2019 йилда 2 та — Марказий Осиё тарихи ва Диншунослик йўналишлари бўйича алоҳида-алоҳида PhD илмий даражасига эришдим. Илмий ишимда Марказий Осиёда аёлларнинг жамиятдаги ўрни, сўфийлик ва гендер тарихи масалалари таҳлил қилинган.
Икки ҳафтача олдин Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси масъул ходимлари мен билан боғланишди ва ушбу тадбирга таклиф қилишди.
Бугунги кун ҳаётимдаги энг унутилмас, тарихий онлари билан ёдимда қолади. Албатта, камтарона меҳнатларимни эътироф этиб, муносиб баҳолаб, Давлат мукофотига лойиқ кўришгани жуда ёқимли. Бари бир, айни лаҳзаларда энг муҳими Президентимизнинг мен ҳақимда айтган илиқ сўзларидир. Давлат раҳбарининг оддий ўзбек қизи шаънига билдирган ижобий фикрлари мен учун жуда қадрли. Шундай ҳолатга тушдимки, буни “эйфория” дейишади, ҳозир ҳаяжондан ўзбекча муқобилини топа олмаяпман. Тўғриси, ўзимни чимчилаб ҳам қўйдим, “Тушимми, ўнгимми? Шу гаплар мен ҳақимдами?” деб.
Президентимиз, яна, “Сиз билан фахрланамиз, Ўзбекистонга тез-тез келиб туринг!” деди. Мен ҳам ўз навбатида бундан кейин ҳам мамлакатимиз шаънини илм-фан соҳасида янада юқори кўтаришга ваъда бердим.
Азиза ШОНАЗАРОВА,
Колумбия университети профессори, ёш олима.
“Дўстлик” ордени соҳибаси