Элпарвар маърифий ташаббусларнинг юксак эътирофи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббусига кўра Хива шаҳрида "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" Халқаро маданият форуми бўлиб ўтди.
Унда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан олимлар, қадимшунослар, экспертлар, санъатшунослар иштирок этди.
Эътиборга молик жиҳати, мазкур халқаро форумга давлатимиз раҳбари мактуб йўллади. Бу эса илм-фан, маданият, маърифат масалалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг доимий ва жиддий эътиборида эканининг яна бир амалий исботидир.
Халқаро форумда Марказий Осиё илмий меросининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ва аҳамияти яна бир карра юксак эътироф этилди. Олимлар, илмий тадқиқот масканлари, кутубхоналарнинг илғор мутахассислари ўзаро тажриба алмашди. Қадимий қўлёзмаларни ўрганишнинг истиқбол ва уфқлари белгиланди.
- Форум юксак савияда ўтди, - деди АҚШлик эксперт Адам Альбион. - Ўзбекистоннинг бугунги шиддатли одимлари мазкур халқаро форумнинг баланд руҳидан ҳам сезилиб турибди. Биз Ўзбекистон, ҳа айнан Ўзбекистоннинг тарихий мерос, интеллектуал бойлик, маърифатга интилиши мисолида шиддат билан тараққий этаётганига, ислоҳотлар эса ортга қайтмас шиддат касб этганига гувоҳ бўлдик. Бундай ўзгаришлар, албатта Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташаббуслар ижросига қатъият ва дадиллик ила ёндашиши билан боғлиқдир.
- Дарҳақиқат, форумнинг юқори савияси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг амалиётга фаол жорий этилаётганини яна бир бор исботлади, - деди Германиянинг Дрезден университети профессори Анионио Роллан Понс. - Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳар қанча ўргансак, халқингиз эса фахрланса арзийдиган меросдир. Бугун Ўзбекистон минтақада тинчлик, барқарорликни илм-маърифат, ҳамжиҳатлик, маърифат орқали таъминлашга астойдил киришган. Энг мураккаб пандемия даврида бунёдкорлик, инсониятни ҳамкорлик, маърифатга ундовчи бундай форумнинг ташкил этилгани чиндан ҳам катта эътборга, эҳтиромга лойиқдир.
- Халқаро форум академик доираларнинг фаол фикр алмашишига, соҳадаги янгиликлар, Ўзбекистоннинг бугунги илмий салоҳияти билан кенгроқ танишишга имкон берди,- деди Буюк британиялик тадқиқотчи Чарльз Мэлвилл. - Назаримда қўлёзмалар тадқиқотига оид ишларни кўпроқ оммалаштириш керак. Бу эса туризм, билим, изланишга янада кўпроқ имкон яратади.
Форумнинг барча иштирокчилари Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар наинки мамлакатимиз, балки кўплаб хорижий мамлакатлар манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади. Форум якуни бўйича илмий-маърифий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича тегишли декларация қабул қилинди.
Назокат Усмонова, ЎзА