Электротехника саноатини ривожлантириш янги босқичга олиб чиқилади
“Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–325-сон, 12.09.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб электротехника саноати корхоналари учун айланма маблағлар билан таъминлашга тижорат банклари орқали қуйидаги шартларда кредитлар ажратилади:
– “Савдони ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти (Компания) маблағлари ҳисобидан 2 йил муддатгача 3 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз (шундан 2 фоиз банк маржаси) ставкада битта тадбиркор учун кўпи билан 5 млн АҚШ доллари миқдорида;
– кредитнинг 50 фоизига, бироқ 20 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган миқдорда “Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси” АЖ ҳисобидан кафиллик, қолган қисмига – корхона томонидан ликвидли мол-мулк, суғурта полиси, экспорт шартномаси (келгусидаги пул тушумларига талаб ҳуқуқи асосида) ёки бошқа турдаги таъминот тақдим этилади;
Биржа савдолари орқали мис хомашёсини харид қилишда ҳисоб-китоб қилишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 октябрдаги ПҚ–304-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳисобидан Компания томонидан “Ўзсаноатэкспорт” АЖга тўғридан-тўғри 40 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади;
– Биржа савдоларида мис хомашёсини харид қилишда 25 фоиз тўлов корхона томонидан, қолган 75 фоиз тўлов “Ўзсаноатэкспорт” АЖ томонидан 3 кун ичида амалга оширилади. Бунда битта тадбиркорлик субъектининг “Ўзсаноатэкспорт” АЖ олдидаги қарздорлиги 3 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди;
– корхоналар томонидан “Ўзсаноатэкспорт” АЖ олдидаги мажбуриятини таъминлаш учун суғурта полиси тақдим этилади;
– “Ўзсаноатэкспорт” АЖ томонидан амалга оширилган 75 фоиз миқдоридаги тўлов корхоналар томонидан 90 кун ичида қайтарилади. Бунда кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун йиллик 6 фоиз ставкада фоиз ҳисобланади.
ЎзА