Электр таъминоти янада яхшиланади
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда Андижон вилоятида танлаб олинган 31 та маҳаллада электр энергияси таъминотини яхшилаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Жумладан, маҳалалар ҳудудларига 4 минг 461 дона темир бетон устунлар ўрнатилди, 206,5 километр узунликда электр узатиш тармоқлари тортилди, 62 дона янги трансформатор пунктлари ўрнатилди. Мазкур ишларни амалга ошириш учун қарийб 29,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида Булоқбоши туманидаги Шарқ юлдузи ва Бозорбоши маҳаллаларида 1 минг 40 дона темир бетон устунлар ўрнатилиб, 21,8 километр узунликдаги ҳаво тармоғи тортилди, 9 та янги трансформатор пункти ўрнатилди.
– Дастур асосида маҳалламиздаги мавжуд 7 та кўчанинг олтитасида электр таъминотини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилди, – дейди Булоқбоши туманидаги Шарқ юлдузи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Элёрбек Эгамбердиев. – Жумладан, 6 та янги трансформатор ўрнатилди, 10 километрдан зиёд тармоқ тортилиб, 600 донага яқин бетон таянч устунлар ўрнатилди. Натижада маҳалламизда айниқса, қиш ойларида аввалги йиллардаги каби электр токидаги узилишлар умуман бўлаётгани йўқ. Бундан бутун маҳалла аҳли беҳад мамнун бўлмоқда.
[gallery-5477]
Дастур доирасида Балиқчи тумани Дўстлик маҳалласининг Ғайрат, Наврўз кўчаларида 170 дона темир бетон устунлар ўрнатилиб 8,12 километр узунликдаги ҳаво тармоғи тортилди, 2 та янги трансформатор пункти ўрнатилиши натижасида электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.
– Аввал кўчамиздаги хонадонларнинг электр таъминоти жуда ночор аҳволда эди, – дейди Дўстлик маҳалласи Наврўз кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Шаҳобиддин Мамадалиев. – Айрим жойларда электр устунлар оддий ёғочдан қўйилганлигидан хавфсираб яшардик, узилишлар ҳам жуда кўп бўларди. Дастур асосида кўчамизга бетонли устунлар ўрнатилиб, янги электр симлари тортилди. Эндиликда электр таъминоти бўйича умуман муаммо юзага келаётгани йўқ. Умуман, вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилган юқоридаги каби ишлар натижасида 124 минг нафардан зиёд аҳоли ҳамда 700 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминоти яхшиланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА