Экспортбоп маҳсулотлар ҳимояси - давлат назоратида
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда боғдорчилик, деҳқончилик, иссиқхона хўжаликлари ва шахсий томорқаларни хавфли зараркунандалар ҳамда карантин аҳамиятига эга организмлардан ҳимоя қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, шаҳар ва қишлоқларда қулай экологик муҳитни шакллантириш ҳамда атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш бугунги кунда долзарб масалалардан саналади. Шу боис, соҳада замонавий ёндашувлар, илмий ишланмалар, илғор хорижий тажриба ва рақамли технологиялар босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда. Айниқса, мева-сабзавот маҳсулотлари сифатини баҳолашда замонавий лаборатория таҳлилларидан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, меваларнинг пишганлик даражаси титрланадиган кислоталилик ҳамда қанд-кислота нисбати орқали аниқланиб, бу кўрсаткичлар маҳсулотнинг сифати, таъм хусусиятлари ва экспорт талабларига мувофиқлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.

Айни кунларда Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан пойтахтнинг барча 12 та туманида «Долзарб 30 кунлик» тадбирлари доирасида кенг қамровли мониторинг ва назорат ишлари амалга оширилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида мевали боғларга жиддий хавф туғдирувчи Шарқ мевахўри, полиз экинларига катта иқтисодий зарар етказувчи Қовун пашшаси, шунингдек, маданий ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи Зарпечак ҳамда Судралувчи какра каби карантин аҳамиятига эга зарарли организмларга қарши кураш чоралари изчил олиб борилмоқда.

Мутахассислар томонидан зарарли организмлар мавжудлигига шубҳа уйғотган ўсимликлардан намуналар олиниб, сайёр лабораторияларда тезкор таҳлиллар ўтказилмоқда. Мониторинг жараёнида карантин остидаги маҳсулотларда зараркунандалар аниқланган ҳолларда белгиланган тартибда зарарсизлантириш тадбирлари ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, республика бўйлаб ўтказилаётган «Долзарб 30 кунлик» тадбирлари жорий йилнинг 8 июнидан 8 июлига қадар давом этади. Мазкур тадбирлар ўсимликлар карантинини таъминлаш, ҳосилдорликни сақлаб қолиш, фермер ва деҳқонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА