Экология борасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Экологик хавфсизликни таъминлаш ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш — бугунги ислоҳотларнинг бир-биридан ажралмас икки муҳим йўналиши. Улар ўртасида оқилона мувозанатни таъминлаш эса давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланмоқда. Жиззах вилоятида ташкил этилган очиқ мулоқот айнан шу тамойилнинг амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятига ташрифи доирасида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бошқармасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда мамлакатнинг барча ҳудудларидан уч юзга яқин тадбиркор ZOOM платформаси орқали иштирок этиб, соҳада тўпланиб қолган долзарб масалаларни масъуллар билан бевосита муҳокама қилди.
Мулоқот давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги талаблар, экологик рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби, ишлаб чиқариш жараёнида учраётган амалий муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари ҳар томонлама кўриб чиқилди. Энг муҳими, тадбиркорлар ўзларини ўйлантираётган масалаларни тўғридан-тўғри мутасаддиларга етказиб, улар юзасидан аниқ жавоб ва амалий ечимлар олиш имкониятига эга бўлишди.
Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида кўриб чиқилди. Қўшимча ўрганишни талаб этган масалалар юзасидан эса масъулларга тадбиркорлар ҳузурига чиқиб, муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Учрашувда экологик ислоҳотларни амалга оширишнинг дастлабки босқичларида кузатилган айрим ташкилий камчиликлар ҳам очиқ тан олинди. Таъкидланганидек, бундан буён ҳар қандай янги талаб ёки тартиб амалиётга жорий этилмасидан аввал тадбиркорларга атрофлича тушунтирилади. Бу эса турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
— Табиатни муҳофаза қилишни фақат давлат идоралари зиммасига юклаб бўлмайди. Бу жараёнда давлат органлари, тадбиркорлар ва жамият бирдек масъул. Қисқа муддатли иқтисодий манфаат келажак авлодлар саломатлиги ҳисобига таъминланмаслиги керак. Шунинг учун ишлаб чиқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш, чиқиндиларни камайтириш, энергия тежовчи ечимларни жорий этиш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига босқичма-босқич ўтиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир, — деди Азиз Абдуҳакимов.
[gallery-30741]
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари иштирокида амалдаги тартиб-таомиллар ҳам танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Муҳокамалар якунида тадбиркорлик субъектлари зиммасидаги ортиқча маъмурий юкламаларни қисқартиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, такрорий рухсат бериш жараёнларини соддалаштириш, ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, давлат хизматларини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш, экологик хавфи паст объектлар учун енгиллаштирилган тартибларни жорий этиш ҳамда асосий назоратни юқори хавфли объектларга қаратиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, мазкур ўзгаришлар экологик назоратни сусайтиришга эмас, аксинча, уни янада самарали, манзилли ва шаффоф ташкил этишга хизмат қилади.
Йиғилишда экологик назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, автоматик экологик мониторинг станцияларини босқичма-босқич ўрнатиш ишлари муҳокама қилинди. Бу тизим инсон омилини сезиларли даражада камайтириш, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган чиқиндиларни узлуксиз кузатиб бориш, баҳсли ҳолатларда аниқ рақамли маълумотларга таяниш ҳамда экологик назоратнинг очиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, мониторинг ускуналарини ўрнатиш ва уларни давлат ахборот тизимларига интеграция қилиш жараёнида тадбиркорларга амалий кўмак кўрсатиш, техник талабларни имкон қадар соддалаштириш ҳамда янги тизимга мослашиш жараёнини енгиллаштириш бўйича чоралар белгиланди.
Жиззахда ўтказилган мазкур очиқ мулоқот давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотнинг янада очиқ, амалий ва натижадор босқичга кўтарилаётганини намоён этди. Энг муҳими, унда экологик хавфсизликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бир-бирига зид эмаслиги, аксинча, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини изчил ҳаётга татбиқ этиш орқали уйғун ривожланиши мумкинлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари