Экологик тўловларни зарарга мослаштириш таклифи билдирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан “Атроф-муҳитга етказилган зарар миқдорини аниқлашни услубий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳага оид ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Хусусан, “Экологик аудит тўғрисида”ги, “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилинди. Атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

“2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонлари, “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳужжатлардан бўлди.

Тадбирда амалдаги иқтисодий механизмлар, хусусан, атроф-муҳитга етказилган зарар учун ундириладиган компенсация тўловлари тизимини услубий жиҳатдан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 2,3 миллион тонна, сув ҳавзаларига ташланган ифлосланган оқова сувлар эса қарийб 105 миллион куб метрни ташкил этган. Амалдаги компенсация тўловлари миқдори атроф-муҳитга етказилаётган иқтисодий зарарга мутаносиб эмас. Шу сабабли “ифлослантирувчи тўлайди” ва “табиатдан фойдаланувчи тўлайди” тамойилларига асосланган бозор механизмларини кенг жорий этиш талаб этилади.

Шундан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари атроф-муҳитга етказилган зарарни баҳолаш методологиясини оммалаштириш, компенсация тўловлари механизмларини такомиллаштириш, экологик тўловларни зарарга мослаштириш, зарар миқдорини ҳисоблашда замонавий мониторинг ва ҳисоб-китоб тизимларини жорий этиш бўйича таклифлар билдирди.
Тадбир давомида Атроф-муҳит ифлосланишидан етказилган зарарни аниқлаш бўйича ишлаб чиқилган услубий қўлланма тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА