ЕЧЛ: “Барселона” ва “Ливерпуль” мағлуб бўлди
Кеча тунда Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал босқичидан ўрин олган яна икки учрашув ўз якунига етди.
Париж шаҳрида ўтган “ПСЖ” ва "Ливерпуль" клублари баҳси 2:0 ҳисобида ўз якунига етди. Учрашувдаги голларга 11-дақиқада Дезире Дуэ ва 65-дақиқада Хвича муаллифлик қилди.

Шунингдек, чорак финал босқичидан ўрин олган "Барселона" ҳамда "Атлетико" жамоалари ўртасидаги ўйинда 1:2 ҳисоби қайд этилди. Унда дастлаб, 45-дақиқада Хулиан Алварез жарима зарбасидан гол урган бўлса, 70-дақиқада Александр Сёрлот орадаги фарқни иккитага оширди.
Шу тариқа, “Атлетико” "Камп Ноу" стадионида 20 йил кутилган ғалабани қўлга киритди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мадридликлар ушбу стадионда сўнгги бор 2006 йилда зафар қучган. Миллий чемпионат доирасида ўтган ўйинда “Атлетико” 1:3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу жамоалар ўтган вақт ичида "Камп Ноу"да 26 маротаба турли мусобақаларда рақобатлашди ва уларда “матрасчилар” бирор марта ғалаба қозонмаган.

2024 йилда Диего Симеоне шогирдлари каталонияликларни сафарда енгганини таъкидлаб ўтиш лозим, лекин бу ўйин "Монжуик" стадионида ташкил этилган эди.
Дарвоқе, бу жамоалар Чемпионлар лигаси чорак финал босқичидаги жавоб ўйинларини 14 апрель куни ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, 1/4 финал босқичида “Реал Мадрид" ўз майдонида "Бавария"га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, "Спортинг" — "Арсенал" баҳси 0:1 ҳисобида якунланган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА