Душанбеда Ўзбекистон–Тожикистон қўшма ўқув семинари ўтказилмоқда
Саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий билим ва тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда. Айниқса, аграр соҳада инновация ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш икки давлат учун ҳам устувор йўналиш ҳисобланади.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, фермер ва деҳқонлар ҳамда талабалар учун мўлжалланган ўқув семинари ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг етакчи мутахассислари, олимлари, шунингдек, соҳа ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Семинарнинг илк кунида муҳим воқеа сифатида “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” МЧЖ ҳамда Тожикистоннинг “Рақамлаштириш, инновациялар ва қишлоқ хўжалиги кадрлари малакасини ошириш” ДУК ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбир давомида икки давлат мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалигида илғор тажрибалар ва инновацион ечимларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Ўзбекистон томони ўз чиқишида аграр соҳани рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, геоахборот тизимлари, “Рақамли қишлоқ хўжалиги — Агропортал” платформаси имкониятлари ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, тақдимотларда шоличиликда замонавий технологияларни жорий этиш, юқори ҳосилдор навлар селекцияси, уруғчилик тизимини ривожлантириш ва сув тежовчи технологияларни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар иштирокчилари Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолаб, айниқса рақамлаштириш йўналишидаги ёндашувлар катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. Мутахассислар томонидан берилган жавоблар эса тингловчилар учун амалий аҳамият касб этди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА