“Дўстлик поезди “ — Нукус сари йўл олди
Бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзалдан Нукус сари яна бир ўзига хос сафар бошланди.
Бу оддий поезд сафари эмас. «Дўстлик поезди» юртимизда яшаётган турли миллат вакилларини бир мақсад — тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик ғояси атрофида бирлаштириб, Нукус томон йўл олди.

Поезддаги ҳар бир йўловчи ўзи билан нафақат йўл сумкасини, балки ўз миллатига хос қадриятлар, урф-одатлар ва эзгу ниятларни ҳам олиб бормоқда. Тиллари, маданияти ва анъаналари турлича бўлиши мумкин. Аммо уларни бирлаштириб турган туйғу битта — Ватанга муҳаббат.

«Дўстлик поезди» ана шу жиҳати билан кўп миллатли Ўзбекистоннинг ўзига хос тимсоли. Чунки бир юртда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, бир мақсад йўлида меҳнат қилмоқда.
Сафар давомида дўстлар давраси янада кенгаяди. Поезд йўналиш бўйлаб тўхтайдиган бекатларда ҳудудларда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам унга қўшилади. Демак, ҳар бир бекат янги учрашувлар, танишувлар ва дўстлик ришталари боғланадиган манзилга айланади.

Нукусда эса бу катта давра «Ўзбекистон — ягона Ватан!» шиори остидаги анжуман билан давом этади. Унда юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўзаро ҳурмати, ҳамжиҳатлиги, миллий қадриятларга эҳтироми ҳамда мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўз юритилади.

Зеро, Ватан деган тушунча миллат танламайди. Унинг тинчлиги ва равнақи учун қилинган ҳар бир эзгу иш, ҳар бир ҳалол меҳнат барчамизнинг келажагимизга қўшилган ҳиссадир.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА