Дорихоналарда спирт ўрнига лосьон берилгани аниқланди
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган “Сирли мижоз” тадбири доирасида дорихоналар фаолияти ўрганилди. Текширувлар давомида 20 дан ортиқ дорихона қамраб олинди ва тахминан 25 фоизида тиббий спирт сўралганда унинг ўрнига лосьон таклиф этилгани аниқланди.
Маълумки, 70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида стерилизация, яраларни даволаш ва жарроҳлик амалиётларида қўлланилади. Лосьон эса косметик маҳсулот бўлиб, тиббий мақсадларда спирт ўрнини боса олмайди.
Ушбу ҳолат истеъмолчиларни чалғитиши ва соғлиққа зарар етказиши мумкин. Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат киритилди, шунингдек, қонунбузарлик аломатлари бўйича тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этиш қонунчилик талаби эканини эслатиб ўтади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА