Доривор ўсимликларнинг ёввойи турларидан маданий плантацияларни кенгайтириш зарур
Сенат ялпи мажлисида доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Парламент сўровида акс этган масалалар бўйича хомашёбоп ўсимликларнинг захираларини аниқлаш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг флора турлари таркибини инвентаризация қилиш бўйича тадқиқотлар олиб борилган.
34 турдаги доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларни парвариш қилиш ва маҳсулот етиштириш бўйича намунавий технологик хариталар ишлаб чиқилган.

Ўрмон хўжаликлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида кооперация усулида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган.
Ўрмон хўжаликларининг 5,9 минг гектар ер майдонида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари барпо этилган.

Табиий ҳолда ўсувчи ёввойи ўсимликларнинг доривор, озиқ-овқатбоп ва техник турларини етиштириш бўйича 114 тадбиркорлик субъекти томонидан 28,2 минг гектар майдонда питомник ва плантациялар яратилган.
Сенаторлар томонидан доривор ўсимликлар хомашёси ва улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаш ва стандартлаштириш лабораторияси ҳамда юқори авлодли доривор ўсимликларнинг селекцион навларини етиштирувчи элита уруғчилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Доривор ўсимликларнинг ёввойи турларидан маданий селекцион нав ва дурагайларга ўтиш, маданий плантацияларни кенгайтириш зарурлиги юзасидан фикрлар билдирилди.
Мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА