Дорихоналар фаолиятидаги муаммолар айтилди
Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тарғибот митинги ўтказилди.
Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тарғибот митинги ўтказилди.
“Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз” шиори остида ўтказилган митингда партия ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар, маҳалла фаоллари, тиббиёт ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Митингда дори воситаларининг рецептсиз сотилиши, қалбакилаштирилган дори воситалари ва дориларнинг нарх-навосига нисбатан норозилик билдирилди. Ҳозирги кунда дорихоналар фаолиятини қонун доирасида аниқ белгилаш кераклиги, айниқса, дори нарх-наволари қатъий суммада белгиланиши, бир хил нархда сотилиши кераклиги айтилди. Назорат давомида ноқонуний дори воситалари сотилаётган ҳоллар аниқланганда дорихона ҳамда ходимга нисбатан жарима белгиланиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, митинг қатнашчилари дорилар рекламасидаги камчиликлар бўйича ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Зеро, тиббий кўрик, тиббий маданият, тиббий саводхонлик бугунги куннинг долзарб масалалари қаторида турибди. Рекламалардаги жарангдор тавсиялар эса бу борадаги барча тарғиботларни йўққа чиқармоқда. Сабаби, ҳар дорининг ўз бемори бор. У дуч келган одам рекламани кўргач, қабул қилиб кетаверадиган нарса эмас. Тадбир давомида тиббиёт тизимига нисбатан ҳам баъзи эътирозлар кўрсатиб ўтилди.
Ташкил этилган намойишда барча фуқароларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш учун имконият яратилди. Муаммолар тингланди, фикрлар айтилди. Кўтарилган таклифлар умумлаштирилди ва ҳозир такомилга етказилаётган сайловолди дастурига киритилиши маълум қилинди.
Митинг давомида ташкил этилган викторина ўйинлари эса йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди.