Долзарб вазифалар белгилаб олинди
Навоийда 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Навоийда 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган йиғилишда асосий эътибор Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилди.
2014 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида сезиларли ўсиш суръатлари кузатилди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот 4 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,8, истеъмол моллари тайёрлаш 5,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7, чакана савдо айланмаси 15,3, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 14,9, пудрат ишлари 8,4 фоизга ўсди.
Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётига 1,5 триллион сўмлик инвестициялар жалб этилди. Унинг 176,7 миллиард сўми хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келди. Эътиборлиси, инвестициялар асосан ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилашга қаратилган дастур ҳамда лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.
Вилоят иқтисодиётининг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологиялар билан жиҳозланган, умумий қиймати 27,1 миллиард сўмга тенг иккита йирик лойиҳа амалга оширилди. Саноат салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида 231 ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Шунинг ҳисобига 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим манбаи ва омили ҳисобланади. Ўтган йили хизматларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 27,8 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг қарийб 41 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилаётир.
Вилоятда 2014 йили 460,4 миллион долларлик 47 турдаги тайёр маҳсулотлар экспорт қилинди. 160,6 километр ичимлик суви, 58,3 километр электр, 21,4 километр табиий газ тармоқлари, 65,3 километр автомобиль йўллари фойдаланишга топширилиб, ушбу мақсадларга қарийб 33 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш ва зарур инфратузилмани ташкил этиш Дастурини амалга ошириш ишлари жадал давом эттирилди. Ўтган йили намунавий лойиҳалар асосида 677 уй-жой барпо этилди. Янги массивларга 34,7 километр ичимлик суви, 15,5 километр электр, 23,6 километр газ тармоғи тортилиб, 16,7 километр йўллар қурилди.
Ҳисобот даврида 762 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши сўнгги 5 йилда 29,1 фоиздан 36,9 фоизга етди.
2014 йилда эришилган ютуқларни қайд этиш билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил ва танқид қилинди. Бу борада ечимини кутаётган масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.