Долзарб масалалар муҳокама қилинди
Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари қатнашди.
Дастлаб Кенгаш аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашиш бўйича масала кўриб чиқилди. Шу бўйича Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Ф.Худойбердиевнинг ахборот тингланди.
Унга кўра, жойларда сайлов жараёнлари жорий йилнинг май ойидан босқичма-босқич ўтказилиши белгиланган. Тошкент вилояти бўйича 1 минг 25 та маҳаллага раис сайланиши кўзда тутилган. Сессияда Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Тошкент вилояти комиссияси таркиби тасдиқланди. Бундан ташқари, мазкур жараёнларни самарали ўтказиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-21858]
Шунингдек, кун тартибига асосан ичимлик суви таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, ҳудудда спортни ривожлантириш каби бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, вилоят ҳудудида 2024 йил атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг амалдаги ҳолати бўйича ахборот тингланди. Қайд этилишича, экологияга оид қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, инспекторлар томонидан ўтган йил 6 минг 950 дан зиёд назорат ва профилактика тадбирлари олиб борилган бўлиб, 5 минг 779 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан жарималар қўлланилган. Туман-шаҳарларда 26,4 гектар “Яшил боғ”лар, 25,2 гектар “Ҳокимлик боғлари” ва 25,7 гектар “Яшил жамоат парклари”, 6 та шаҳарда “Яшил белбоғ”лар барпо этилди.
Сессияда барча кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.