“Долзарб ҳафталик” тадбирлари давом этмоқда
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан “долзарб ҳафталик” тадбирлари доирасида коммунал соҳадаги ижро ҳужжатларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, мазкур тадбирлар давомида энергия ресурслари, сув таъминоти ҳамда бошқарув-сервис компаниялари фойдасига мавжуд қарздорликларни ундириш, шунингдек, ижро ҳужжатлари сонини қисқартириш бўйича манзилли чора-тадбирлар изчил равишда олиб борилмоқда.
Ҳафталик доирасида қарздор аҳолига нисбатан тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари кучайтирилиб, маҳаллабай ва хонадонбай ўрганишлар ташкил этилди. Бу каби ёндашувлар қарздорликларни қисқартиришда ўзининг ижобий самарасини кўрсатди.

Шу билан бирга, коммунал ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилиб, дебитор қарздорликлар таҳлил қилинди ҳамда муаммоли қарздорлар билан ишлаш тизимли йўлга қўйилди.
Натижада “долзарб ҳафталик” давомида коммунал соҳага оид 421 та ижро ҳужжатлари амалда тамомланиб, жами 1 миллиард 907 миллион сўм қарздорлик ундирилди. Энг муҳими, ушбу соҳадаги ижро ҳужжатлари қолдиғи 315 тага камайиб, 34,7 фоизга қисқаришига эришилди.

Мажбурий ижро бюроси томонидан коммунал соҳадаги ижро ҳужжатлари сонини янада камайтириш, қарздорликларни барвақт ундириш ҳамда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири