Дипломатия соҳасидаги гендер тўсиқларни қандай енгиш мумкин?
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ташаббуси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Халқаро дипломатияда аёллар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда дипломатлар, олимлар ва талаба-қизлар иштирок этди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари ўринбосари Рената Врубел гендер тенглиги нафақат фундаментал ҳуқуқ, балки самарали дипломатия ва кучли институтларни шакллантиришнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ёш аёлларнинг халқаро муносабатлар соҳасида муваффақият қозонишида менторлик, амалий тажриба ва профессионал алоқалар муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова Янги Ўзбекистонда аёлларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар яратилаётганини қайд этди.
Панель муҳокамаларида дипломатлар ва олимлар ўз касбий тажрибалари билан ўртоқлашиб, дипломатия соҳасидаги гендер тўсиқларини бартараф этиш йўллари ҳамда бугунги тез ўзгараётган глобал муҳитда талаб этилаётган кўникмалар ҳақида фикр алмашди.
Тадбир доирасида ташкил этилган “Тезкор нетворкинг” сессиясида талаба-қизлар дипломатлар билан бевосита мулоқот қилиб, дипломатик фаолият, халқаро ҳамкорлик ва соҳадаги имкониятлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА