Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида мини-футбол ва футбол бўйича ёшлар ўртасида “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаларининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақанинг саралаш босқичларида тумандаги 39 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 16–30 ёш тоифасидаги ёшлар жамоалари иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, мини-футбол бўйича ўғил болалар ўртасидаги мусобақада “Янгиобод” маҳалласи жамоаси, қизлар ўртасида эса “Бекат” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Футбол бўйича ўғил болалар ўртасидаги финал ўйинида “Бунёдкор” ва “Сармич” маҳаллалари жамоалари ўзаро куч синашди. Ғалаба учун ҳар икки жамоа қаттиқ кураш олиб борди. Якунда “Сармич” жамоаси устун келиб, 2025 йилги ДХХ кубогининг туман босқичи ғолиби бўлди.

Ғолиб ва совриндор жамоаларни тақдирлаш маросимида Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўралова, Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда спорт ишқибозлари иштирок этди.

Тадбир доирасида ғолибларга махсус кубок, диплом ва медаллар, шунингдек, эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари