ДХХ кубоги: Футбол бўйича 3-тур баҳслари бўлиб ўтади
Ўзбекистон бўйлаб юзлаб ёш футболчиларни бирлаштирган ДХХ кубоги қизғин паллага кирди.
Пойтахтимиздаги «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубоги доирасида футбол бўйича ўғил болалар ўртасидаги мусобақалар қизғин давом этмоқда.
Бу йилги мусобақанинг қамрови кенг бўлиб, футбол ва мини-футбол бўйича баҳсларда жами 42 та жамоадан 500 нафардан зиёд ёш чарм тўп устаси иштирок этмоқда. Беллашувларни юқори савияда ташкил этиш, ёшлар учун ҳақиқий спорт байрами муҳитини яратиш ҳамда иқтидорли футболчиларни кашф этиш мақсадида Спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон футзал федерацияси ва тегишли ташкилотлар мутахассислари, шунингдек, ҳакамлик гуруҳлари фаолият олиб бормоқда.
Юртимизда тобора оммалашаётган футбол бўйича баҳслар кескин ва муросасиз кечмоқда. Мусобақанинг гуруҳ босқичидаги дастлабки икки тур учрашувлари якунланди. Бугун, 19 август куни саралаш баҳсларининг ҳал қилувчи 3-турига старт берилади.
А гуруҳи:
18:45 — Фарғона вилояти — Қорақалпоғистон Республикаси;
20:00 — Тошкент шаҳри — Тошкент вилояти.
B гуруҳи:
20:00 — Сирдарё вилояти — Наманган вилояти.
C гуруҳи:
17:00 — Сурхондарё вилояти — Қашқадарё вилояти;
20:30 — Андижон вилояти — Сурхондарё вилояти.
D гуруҳи:
17:00 — Жиззах вилояти — Навоий вилояти;
18:45 — Бухоро вилояти — Хоразм вилояти.
[gallery-30955]
Мусобақа дастурига мувофиқ, саралаш баҳслари 21 августга қадар давом этади. ДХХ кубогининг футбол бўйича финал учрашувлари эса 22 август куни пойтахтимиздаги «Жар» спорт-соғломлаштириш мажмуаси стадионида ўтказилади.
ДХХ кубоги ёшларни футболга кенг жалб этиш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш, шунингдек, иқтидорли футболчиларни аниқлаш ва уларга ўз салоҳиятини намоён этиш учун муносиб имконият яратмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА