Депутат ва аҳоли учрашуви
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш ва самарадорлигини оширишда жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланган – Бош Қомусимиз ҳамда қонунчиликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш мақсадида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантириш ва аҳолига етказиш бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Ишчи гуруҳи таркибида ҳудудларда фуқаролар билан мулоқот ва учрашувлар ўтказмоқда.
[gallery-7400]
– Шаҳрихон туманида ўтказган учрашувларимизда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида фуқароларга кенг маълумотлар берилди, – дейди Ишчи гуруҳ аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О. Отахонова. – Очиқ-ошкора, демократик руҳда ўтган мулоқотларда аҳоли вакиллари фаол иштирок этди. Мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, туризм, қишлоқ хўжалиги, экология, хусусий мулк ҳимояси, суд-ҳуқуқ ва бошқа масалаларга оид кўплаб таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, туманидаги Дўлан, Янги маҳалла ва Беш маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловчилар билан ўтказилган мулоқотлар қизиқарли ва самарали ўтди.
Туманда иш олиб бораётган Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда Олий Мажлис депутати О. Отахонова туман ҳокимлиги ва туман мактабгача таълим бўлими ҳамкорлигида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этди, болажонларга совға-саломлар улашилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА