Депутат сайловчилари билан учрашди
Нукус шаҳридан тахминан 460 километр узоқликда жойлашган Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка олис ҳудуди Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратованинг сайловчилар билан учрашуви айнан ушбу ҳудуддан бошлангани ҳам бежиз эмас. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида депутатнинг дастлабки манзили “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” ва фаоллари билан учрашувдан бошланди.

Унда “маҳалла еттилиги” аъзолари, фаоллар, нуронийлар, ёшлар ҳамда турли соҳа вакиллари иштирок этди. Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда аҳолини қийнаб келаётган масалалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Депутат, аввало, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ободонлаштириш ишлари, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган дастурлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берди. Маҳалла фаоллари томонидан асосан ишсизлик ва томорқа ерларни суғоришда артезиан қудуғини қазиб бериш масаласи, кредит ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича масалалар кўтарилди. Аҳолининг томорқа ерларни суғоришда артезиан қудуғини қазиб бериш бўйича масаласи депутат томонидан тегишли ташкилотлар биргаликда гаплашилиб, шу ернинг ўзида муаммо ижобий ҳал қилинди.

Шунингдек, депутат ҳудуддаги мавжуд спорт объектлари, тиббиёт муассасалари ва ўзини-ўзи банд қилган тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёш қизларнинг фаолиятини ҳам кўздан кечирди. Улар фаолияти билан яқиндан танишиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Учрашув давомида аҳолидан келиб тушган ҳар бир мурожаат тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Депутат ўз сайловчилари билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатиш устувор вазифа эканини таъкидлади.
Бундай учрашувлар аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, одамларнинг давлат идораларига, халқ вакилларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудларни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.