Деновда гилос пишди
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Денов боғи барака” фермер хўжалигида парваришланаётган гилос пишиб, етилди.
Тажрибали фермер 1,5 гектар майдонда инновацион иссиқхона барпо этиб, унинг бир қисмида “Real Tyaga” навли эрта пишар гилос дарахтини парваришламоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, бу навли гилоснинг агротехник кўрсаткичлари юқори самарадорликка эга. Дарахтлар бўйи 2-2,5 метрга етиб ҳар тупидан беш килограммгача ҳосил беради.
Иссиқхонанинг 50 сотихида юздан ортиқ турдаги анвойи гул, 50 сотихида бодринг етиштириш йўлга қўйилган. Фермер бу йил бодрингнинг ўзидан 60 тонна атрофида ҳосил олишни мўлжалламоқда.

Бу ерга ўрнатилган замонавий вентиляция ва ҳаво айланиш тизими иссиқхонани барқарор микроиқлим билан таъминлаётгани ҳосилдорликни ошириб, жаҳон бозорида рақобатбардош сифатли маҳсулот етиштиришга хизмат қилаётир.
Айни пайтда фермер эрта баҳорда пишиб етилган гилос ҳосилининг бир қисмини маҳаллий бозорга чиқаришни, бир қисмини хорижга экспорт қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири