Деновда 384 та оила янги уйли бўлди
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Лочин маҳалласида 384 та хонадонга мўлжалланган тўртта 16 қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг 2020 йил 9 апрелдаги “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида туманда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, кенг, равон йўллар, кўп қаватли уй-жой ва бошқа обьектлар қурилиб, туман қиёфаси тубдан ўзгармоқда.


Энергия тежамкор лойиҳалар асосида замонавий қурилиш материалларидан барпо этилган янги кўп қаватли уйларда ҳам одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун барча шароит яратилган.
–Осмонўпар янги уйдаги қулайликлар пойтахтникидан қолишмайди,–дейди янги хонадон соҳибаси Мафтуна Бобомуродова.
– Деразадан шундоқ ташқарига қарасангиз туманимиз кафтингиздай кўринади. Гапнинг рости яқин йилларда ҳам бунақа баланд уйлар қурилишини хаёлимизга сиғдиролмас эдик. Салобатли уйларнинг атрофи ободонлаштирилиб, болалар майдончалари ҳам қурилган.

Арзон, сифатли ва барча шароитларга эга уйли бўлганимиздан қувончимиз чексиз. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз.
Янги уйларга кўчиб ўтаётган аҳолига барча қулайликларни яратиш учун бу ерда 120 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти барпо этилаётир. 1 минг 176 ўринли умумтаълим мактаби мукаммал таъмирланиб, қўшимча 360 ўринли янги бино қурилмоқда.

Массивда жорий йилда яна 450 хонадонга мўлжалланган саккизта 7, 9, 12 ва 14 қаватли замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Шунингдек, тумандаги Нурли манзил маҳалласида қад ростлаётган 180 хонадонли 6 та беш қаватли турар-жой биносида сўнгги қурилиш ишлар якунланмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири