Давлат хизматчисининг хорижий олий таълим муассасасида таҳсил олган даври унинг меҳнат стажига қўшилиши мумкин
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат фуқаролик хизмати соҳасини ривожлантиришга оид қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Хусусан, “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларга одил судловдан фойдаланиш учун қулай имкониятлар яратилади. Жумладан, уларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда солиқ имтиёзлари қўлланилиши, уларни ишга қабул қилган ёки уларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилиши назарда тутилмоқда.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига давлат фуқаролик хизматчисининг хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қўшимча кафолатларни белгилашга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун билан эса давлат фуқаролик хизматчиси хорижий олий таълим муассасаларида магистратура ёки докторантура таълим дастурлари асосида таҳсил олиш бўйича грант ютиб олган тақдирда, таълим олиш даврида унинг иш ўрни (лавозими) давлат органи раҳбарининг ёзма розилиги билан сақланиши белгиланмоқда.

Давлат фуқаролик хизматчисининг хорижий олий таълим муассасасида таҳсил олган даври унинг меҳнат стажига қўшилади ҳамда кўп йиллик хизмати учун қўшимча тўлов белгилашда инобатга олинади.
Таълим дастурини якунлаган давлат фуқаролик хизматчисининг зиммасига тегишли давлат органи тизимида хорижий олий таълим муассасасида таҳсил олган даврига тенг муддатда ишлаб бериши ҳам назарда тутилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА