Давлат миллий кино санъатимизни жаҳон бозорига олиб чиқишда янги ташаббуслар билан чиқмоқда
Кино — халқнинг тарихи, маданияти ва маънавий қиёфасини акс эттирувчи санъат. Айни пайтда у инвестиция, бандлик, экспорт, туризм ва интеллектуал мулк билан боғлиқ иқтисодий тармоққа айланган.
Дунёда кино санъати ривожланган мамлакатлар фильмлар орқали нафақат ўз маданиятини тарғиб қилмоқда, балки қўшимча иқтисодий қиймат ҳам яратмоқда. Ўзбекистонда миллий кинематографияни рақобатбардош индустрияга айлантириш учун янги шарт-шароитлар шаклланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 26 октябрда «Ўзбекфильм» киностудиясида киноижодкорлар билан учрашуви миллий кинони ривожлантиришнинг янги вазифаларини белгилаб берди. Мулоқотда миллий кино мактабини тиклаш, сценарий ва фильмлар сифатини ошириш, хусусий ижодкорларга кенг имконият яратиш, фильмларни томошабинга етказиш ҳамда халқаро бозорга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, давлат буюртмаси ўрнига субсидия асосида қўллаб-қувватлашга ўтиш, фильм ишлаб чиқаришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва «Ўзбекфильм»ни замонавий миллий кинокомпанияга айлантириш вазифалари қўйилди. Бу ўзгаришлар муҳим иқтисодий саволни кун тартибига олиб чиқади: давлат қўллови қандай қилиб хусусий инвестиция, даромад, экспорт ва янги иш ўринларини рағбатлантирадиган тизимга айланади?
Жаҳон ва Ўзбекистон кино бозори: ўсиш ва таркибий муаммолар
Жаҳон кино бозорида сўнгги йилларда ўзига хос вазият шаклланди. Фильм ишлаб чиқариш ҳажми юқори даражага етган бўлса-да, кинотеатрлар орқали олинадиган даромад пандемиядан олдинги кўрсаткичларга тўлиқ қайтгани йўқ.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёда 9 628 та тўлиқ метражли фильм ишлаб чиқарилган. Бу 2019 йилга нисбатан 4,4 фоиз кўп. 2025 йилда жаҳон кинотеатрлари касса тушуми 32,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда, пандемиядан олдинги қарийб 42 миллиард долларлик даражадан 22 фоизга яқин паст бўлиб қолган.
Жанубий Кореяда KOBIS ахборот тизими кинотеатр чипталари савдоси, томошабинлар сони ва касса тушумларини ягона тизимда ҳисобга олади. Буюк Британияда эса солиқ рағбатлари, профессионал хизматлар бозори ва замонавий киностудиялар хорижий лойиҳаларни жалб этишга хизмат қилмоқда. Британия кино институти маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда кино ва юқори бюджетли телевизион маҳсулотлар ишлаб чиқариш харажатлари 6,8 миллиард фунт стерлингни, шу жумладан хорижий инвестиция билан боғлиқ лойиҳалар харажатлари 5,8 миллиард фунт стерлингни ташкил этган. Булар касса даромади эмас, ишлаб чиқаришга қилинган харажатлардир.

Ўзбекистонда ҳам аудиовизуал хизматлар бозори кенгаймоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, кино ва видеофильмлар, телевизион дастурлар ишлаб чиқариш, овоз ёзиш ва мусиқа асарларини нашр қилиш билан боғлиқ хизматлар ҳажми 2019 йилда 123,2 миллиард сўмдан 2024 йилда 695,8 миллиард сўмга етган. Бу жорий нархларда 5,6 баробар ўсишдир. Бироқ мазкур кўрсаткич кинонинг ўзигагина тегишли эмас ва инфляция таъсирини ҳам ўз ичига олади.
Шу билан бирга, намойиш инфратузилмасида бошқа манзара кузатилади. 2019 йилда мамлакатда 91 та кинотеатр бўлган, 2021 йилда 99 тага етган, 2024 йилда 70 та, 2025 йилда эса 50 та кинотеатр қайд этилган. Яъни 2019–2025 йилларда кинотеатрлар сони 45 фоизга қисқарган.
Яна бир жиҳат: кино, видео ва телевизион дастурлар тайёрлашнинг ишлаб чиқариш босқичидаги корхона ва ташкилотлар сони 2019 йилда 44 тани ташкил этган бўлса, 2026 йил бошига келиб 61 тага етган. Шу даврда кинофильмлар, видео ва телевизион дастурларни тарқатиш билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар сони 50 тадан 30 тага камайган.
Президентнинг 26 октябрдаги учрашувида миллий фильмларни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказишгача бўлган яхлит тарқатиш тизими етарлича шаклланмагани қайд этилди. Демак, миллий кинонинг рақобатбардошлиги сценарий ва тасвир сифати билан бирга, реклама, дистрибуция ва томошабин талабини ўрганишга ҳам боғлиқ.
Давлат маблағидан хусусий инвестицияга: натижани қандай баҳолаймиз?
Сўнгги йилларда кино соҳасига давлат қўллови сезиларли ошди. Президент учрашувида келтирилган маълумотларга кўра, фильм ишлаб чиқариш учун 2016 йилда 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 218 миллиард сўмга етган. Ўн йилда ажратилган маблағлар жами 1,2 триллион сўмни ташкил этган.
Бироқ молиялаштириш ҳажмининг ошиши ўз-ўзидан иқтисодий самарадорлик ўсганини билдирмайди. Бу борада Маданият вазирлигининг 2025 йиллик бюджет дастури ижроси ҳисоботи муҳим маълумот беради. Ҳисоботга кўра, миллий кино маҳсулотларини давлат буюртмаси асосида яратиш учун режалаштирилган 110 миллиард сўм ўрнига амалда 110,9 миллиард сўм сарфланган. Йил якунида 30 та тўлиқ метражли бадиий фильм, 37 та қисқа метражли фильм, 30 та ҳужжатли ва бошқа турдаги кино маҳсулоти ҳамда 18 та анимацион фильм бўйича натижалар қайд этилган.
Ҳисоботда бадиий фильмларнинг томоша қамрови 37,802 миллион, ҳужжатли, илмий-оммабоп ва ўқув фильмлариники 22,250 миллион, анимацияники эса 21,894 миллион деб кўрсатилган. Уч йўналишнинг йиғиндиси 81,946 миллион қамров бирлигини ташкил этади. 110,9 миллиард сўмни шу кўрсаткичга бўлганда бир қайд этилган қамров бирлигига шартли равишда 1 353 сўм бюджет харажати тўғри келади.
Бироқ бу рақамни бир нафар алоҳида томошабин учун харажат ёки иқтисодий фойда сифатида талқин қилиб бўлмайди. Қамровга такрорий кўришлар ҳам кириши эҳтимоли бор; касса тушуми, онлайн намойиш, лицензия ва экспорт даромадлари мазкур нисбатда акс этмаган. Қолаверса, бу «Ўзбекфильм»нинг молиявий ҳисоботи эмас, давлат буюртмаси бўйича бюджет дастурининг ижросидир. Мазкур маълумотлар давлат маблағларини аудитория қамрови билан таққослашга хизмат қилади, аммо тўлиқ иқтисодий қайтимни кўрсатмайди.
Президент учрашувида давлат буюртмаларининг деярли ярми давлат киностудияларига берилгани, бир режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилгани қайд этилди. Бундай ҳолат ижодий ресурсларнинг муайян жамоаларда тўпланиши ва рақобат чекланиши хавфини кучайтиради.
Шу боис давлат буюртмаси ўрнига субсидия асосида молиялаштиришга ўтиш, соҳада бошқарув, лойиҳаларни танлаш ва фильм ишлаб чиқариш вазифаларини ажратиш белгиланди. Янги ёндашувга кўра, давлат сиёсатини юритиш Маданият вазирлигига ўтказилиши, «Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси эса лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, фильмларни тарғиб қилиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланиши назарда тутилмоқда.
Бу ўзгаришнинг иқтисодий мазмуни аниқ: давлат ижодкор ва инвестор учун шароит яратувчи ҳамкорга айланиши, хусусий сектор эса ишлаб чиқаришда кенгроқ иштирок этиши керак. Тижорий салоҳиятга эга лойиҳаларни баҳолашда сценарий сифати билан бир қаторда хусусий маблағлар улуши, мақсадли аудитория, бюджет, тарқатиш режаси ва кутилаётган даромад ҳисобга олиниши зарур. Маърифий ва ижтимоий аҳамияти юқори фильмлар учун эса алоҳида, маданий натижаларни ҳам акс эттирадиган мезонлар талаб этилади.
2026 йил 2 июндаги ПФ-103-сон фармон билан давлат буюртмаси асосида яратиладиган фильмлар бюджети доирасида маркетинг ва рекламага 30 фоизгача маблағ ажратишга рухсат берилган. Шунингдек, фильм намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизини продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида бериш белгиланган. Бу қоидалар амалдаги давлат буюртмаси тизимига тегишли бўлиб, 26 октябрда белгиланган субсидия моделига ўтиш вазифасидан фарқ қилади.
Мазкур фармонда 2026 йил якунига қадар чипта савдоси ва томошабинлар статистикасини юритувчи ягона рақамли платформани жорий этиш вазифаси ҳам белгиланган. Унинг самарали ишлаши фильмлар кесимида аудитория ва касса тушуми ҳақида ишончли маълумотлар шакллантиришга хизмат қилади. Бу маълумот хусусий инвесторлар ва давлат маблағларининг натижадорлигини баҳоловчи ташкилотлар учун ҳам зарур.
Киноинфратузилмани кенгайтириш режалари ҳам янги иқтисодий модельнинг бир қисмидир. Президент томонидан «Ўзбекфильм»нинг 10 гектар ҳудудида 400 миллиард сўм ҳисобига кино шаҳарчасини ташкил этиш, замонавий дубляж ва овозлаштириш маркази учун 80 миллиард сўм йўналтириш вазифалари қўйилди. Мақсад фақат павильонлар қуриш эмас, балки техника ижараси, монтаж, овозлаштириш, рақамли эффектлар ва бошқа хизматларни бирлаштирган бозорни ривожлантиришдир.
Солиқ рағбатлари ҳам шу мақсадга хизмат қилади. ПФ-103-сон фармон ва Солиқ қўмитасининг 2026 йил 7 октябрдаги изоҳида 2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январга қадар белгиланган шартларга жавоб берадиган кинематография ва болалар контенти субъектлари учун қатор солиқ имтиёзлари назарда тутилгани, улардан фойдаланиш учун электрон мурожаат қилиш тартиби тушунтирилган.
Имтиёз самарасини фақат ундан фойдаланган корхоналар сони билан баҳолаш етарли эмас. Янги хусусий инвестициялар, иш ўринлари, экспорт ва ёндош тармоқлардаги қўшимча иқтисодий фаоллик ҳам ўлчаниши лозим. Шунда давлат қўлловининг натижаси ажратилган маблағ билан эмас, унинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси билан ҳам баҳоланади.
Тарих, кино ва туризм: қўшимча қиймат яратиш имкониятлари
Ўзбекистоннинг киноиндустриядаги катта устунлиги бу унинг бой тарихий ва маданий меросидир. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва Муҳаммад ал-Хоразмий каби буюк аждодларимиз ҳаёти миллий ва халқаро аудитория учун қизиқарли воқеаларга бой.
Президентнинг 2024 йил 5 июндаги ПҚ-209-сон қарори билан 2024–2027 йилларга мўлжалланган «Тирик тарих» фильмлар туркумини яратиш дастури тасдиқланган. «Ибрат», «Авлоний», «Абдулла Қодирий», «Илҳақ», «Ўзбек қизи», «Баҳодир Ялангтўш» каби асарлар соҳадаги ижодий тажрибани кўрсатади.

Бундай фильмларнинг имконияти премьера билан тугамайди. Масалан, Мирзо Улуғбек ҳақидаги бадиий асар мавзуи асосида ҳужжатли сериал, болалар анимацияси, таълимий видео, китоб ва музей маҳсулотлари яратиш мумкин.
Кинони туризм билан боғлаш ҳам иқтисодий имкониятларни очади. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Термиз каби шаҳарлар фильмлар учун жозибадор локация ҳамда туристик маҳсулотнинг асосидир. Масалан, Амир Темурга бағишланган халқаро фильмнинг намойиши Самарқанд ва Шаҳрисабздаги тарихий объектлар бўйлаб махсус саёҳатлар билан уйғунлаштирилса, меҳмонхона, транспорт, экскурсия ва ҳунармандчилик соҳаларида ҳам талаб ортиши эҳтимоли юзага келади. Бундай таъсирни аниқ ўлчаш учун туристларнинг саёҳат сабаблари ва фильм билан боғлиқ ташрифлари ўрганилиши шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 372-сон қарори билан хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистонда фильм яратишга доир тасдиқланган харажатларининг муайян қисмини қоплаш механизми белгиланган. Дастурда 10–25 фоиз оралиғида компенсация ҳамда бир фильм учун 4 миллиард сўмлик юқори чегара назарда тутилган. Масалан, шартли 6 миллиард сўмлик мақбул харажатга 20 фоиз ставка қўлланилса, 1,2 миллиард сўм компенсация ҳисобланади. Амалдаги тўлов дастур шартлари ва тасдиқланган харажатларга боғлиқ.
Қарорда «Film in Uzbekistan» электрон платформасини 2026 йил 1 ноябрга қадар ишга тушириш вазифаси ҳам белгиланган. Унда кино локациялари, инфратузилма, техник имкониятлар ва маҳаллий хизматлар ҳақидаги ахборотни бирлаштириш назарда тутилган. Бу хорижий продюсерларга Ўзбекистондаги ҳамкорлар ва ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишни енгиллаштиради.
Хорижий кинокомпания мамлакатимизда нафақат суратга олиш жойларидан фойдаланади, балки оператор, рассом, декоратор, техника ижараси, меҳмонхона, транспорт ва бошқа хизматларга ҳам буюртма беради. Анимация, визуал эффектлар, рақамли монтаж ва дубляж каби мутахассисликлар ривожи эса маҳаллий кадрлар учун ташқи буюртмалар бозорини кенгайтиради. Демак, Ўзбекистон тайёр фильмлар билан бирга профессионал кино хизматларини ҳам экспорт қилиш салоҳиятига эга.
2030 йилгача: фильмлар сонидан иқтисодий натижадорликка
Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сон фармони билан янгиланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2030 йилга қадар давлат буюртмаси асосида яратиладиган йиллик кино маҳсулотлари сонини 105 тага, миллий фильмлар жойлаштириладиган халқаро интернет платформалари сонини 11 тага, миллий қаҳрамонлар ҳақидаги анимацион фильмлар сонини 20 тага етказиш белгиланган.
Шунингдек, киноиндустрияга йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини 2,5 миллион АҚШ долларига, миллий кинематография маҳсулотлари экспортини 1,5 миллион долларга етказиш мақсадлари қўйилган. Бу расмий стратегик кўрсаткичлардир. 26 октябрда белгиланган субсидия моделига ўтиш жараёнида уларнинг ижро механизмларини ўзаро мувофиқлаштириш муҳим.
Киноиндустрия натижадорлигини фильмлар сони ёки уларга ажратилган маблағнинг ўзи билан баҳолаш етарли эмас. Икки фильм бир хил бюджет билан яратилса ҳам, аудитория қамрови, касса тушуми ва рақамли платформалардан олинган даромади жиҳатидан фарқ қилади. Касса тушумини ишлаб чиқарувчининг соф фойдаси билан тенглаштириб бўлмайди: тушум кинотеатр, тарқатувчи ва ҳуқуқ эгаси ўртасида тақсимланади.
Шу сабабли ишлаб чиқариш ва реклама харажатлари, томошабинлар сони, касса тушуми, лицензия ва экспорт даромадлари, жалб қилинган хусусий инвестициялар ҳамда янги иш ўринлари биргаликда кузатилиши керак. Давлатнинг бир сўмлик қўллови эвазига қанча қўшимча хусусий капитал жалб қилингани ҳам молиялаштириш самарадорлигини баҳолашда аҳамиятли.
Миллий кинонинг экспорт имкониятларини кенгайтиришда Марказий Осиё бозори алоҳида аҳамиятга эга. Қўшни мамлакатлар билан қўшма фильмлар ишлаб чиқариш, миллий асарларни бир нечта тилга сифатли таржима қилиш, профессионал тарқатувчилар билан шартномалар тузиш ва халқаро рақамли платформаларга чиқиш аудиторияни кенгайтиради. Бироқ экспорт учун таржима етарли эмас: сценарий сифати, техник стандартлар, муаллифлик ҳуқуқлари ва маркетинг ҳам ҳал қилувчи омиллардир.
«Ўзбекфильм» миллий брендини ривожлантириш ҳам фақат ташкилий мақомни ўзгартириш эмас. У миллий кино маҳсулотларининг ички ва ташқи бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш ва интеллектуал мулкдан узоқ муддатли даромад олишга хизмат қилиши лозим.
Хулоса ўрнида, Ўзбекистон киноиндустрияси муҳим ўзгаришлар остонасида турибди. Бой тарихий мерос, ижодий салоҳият, рақамли технологиялар ва давлат қўллови миллий кинони ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади. Энди ишлаб чиқариш, молиялаштириш ва оммалаштириш ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва фильмларнинг ҳақиқий натижаларини баҳолаш биринчи даражали вазифага айланмоқда.
Кино санъатининг қадрини фақат молиявий даромад билан ўлчаб бўлмайди. У халқнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маънавий дунёсини сақлайди. Бироқ иқтисодий жиҳатдан барқарор киноиндустрия бу вазифаларни янада самарали бажариш, ижодкорларни рағбатлантириш ва миллий асарларни жаҳон аудиториясига етказиш учун кенгроқ шароит яратади.
Ўзбекистон учун асосий мақсад ҳар бир сифатли кино асари орқали томошабин, ижодкор, инвестор ва мамлакат иқтисодиёти учун янги қиймат яратишдир. Самарали молиялаштириш ва кучли тақсимлаш тизими билан уйғунлашган миллий кино жаҳонга ўз ҳикоямизни айтиш билан бирга, инвестиция, бандлик, экспорт ва туризмни ривожлантирувчи рақобатбардош индустрияга айланади.
Учқун Абдуғаниев,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент