Давлат бошқарувини аҳоли эҳтиёжига яқинлаштириш ва хизматлар самарадорлигини ошириш натижаси сезилмоқда
Муносабат
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган тизим сифатида такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини кучайтириш ва давлат хизматларини кенгайтириш йўналишида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида 2025 йили самарали натижаларга эришилди.

Аввало, давлат хизматларини рақамлаштириш ва улардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтириш йўналишида мақсадли ишлар бажарилиб, “Ўзархив” агентлиги томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари сони 10 тага етказилди. Бу давлат бошқарувида замонавий рақамли ёндашув изчил ривожланиб бораётганини кўрсатади.
Мазкур хизматлар электрон шаклга ўтказилгани аҳоли учун ортиқча сарсонгарчиликни камайтириш, мурожаатларни тезкор ва шаффоф кўриб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам бунда муҳим аҳамият касб этди. Жумладан, унга мувофиқ бир қатор вазирлик ва агентликларнинг 11 та давлат функцияси хусусий секторга ўтказилиши – соҳаларда бюрократик тўсиқларни қисқартиради, хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини оширади ҳамда давлат ресурсларини стратегик ва тартибга солувчи вазифаларга йўналтириш имконини беради.
Мазкур тартиб ўз навбатида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, бу эса хизматлар бозорида янги ташаббуслар пайдо бўлиши, илғор тажриба ва технологияларнинг жорий этилишига шароит яратади. Шу билан бирга, давлат органлари ўз эътиборини тўғридан-тўғри хизмат кўрсатишдан кўра, стратегик режалаштириш, назорат ва сифатни таъминлаш масалаларига қаратади.
Бу хизматлар соҳасида тизимлилик, очиқлик ва натижадорликни кучайтиради, иқтисодиётда барқарор ривожланиш ва рақобат муҳитини шакллантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Давлат бошқарувида инсон капитали ва раҳбар кадрлар салоҳиятини ошириш масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури доирасида мақсадли танлов асосида 100 нафар иқтидорли хотин-қиз учун махсус ўқувлар ташкил этилгани хотин-қизлар салоҳиятини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирларнинг амалий ифодасидир. Ушбу ташаббус давлат бошқарувида аёллар иштирокини кенгайтириш, уларнинг раҳбарлик кўникмаларини ривожлантириш ва кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади. Замонавий давлат бошқарувида раҳбарлик фақат лавозимни эгаллаш билан эмас, балки қарор қабул қилиш, жамоа билан ишлаш, ташаббус кўрсатиш ва жамоатчилик билан мулоқот қила олиш қобилияти билан ҳам баҳоланади.
Қонун устуворлигини таъминлашда жамоат хавфсизлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ чора-тадбирлар алоҳида ўрин тутади. Бу борада автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 344 та чорраҳага замонавий светофорлар ўрнатилиши йўл инфратузилмасини янгилаш ва ҳаракатни тартибга солиш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилаётганининг амалий ифодасидир. Шунингдек, 252 та чорраҳада бошқарилувчи контроллерлар ўрнатилиб, интеллектуал транспорт тизимлари жорий этилди. Бу ҳам рақамли бошқарув ва ҳаракат оқимини самарали ташкил этишга қаратилган замонавий ёндашувнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Шу билан бирга, 244 та чорраҳага қоидабузарликларни аниқловчи камералар ўрнатилгани йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Бундай камералар ҳаракат иштирокчилари учун назоратнинг доимийлигини таъминлайди, қоидабузарликларни инсон омилисиз қайд этади ва жазонинг муқаррарлиги принципини мустаҳкамлайди. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқбузарликларни камайтиришга хизмат қилади. 153 та чорраҳадаги камералар синов режимига ўтказилгани, 179 та чорраҳадаги камералар тўлиқ ишга туширилгани ушбу жараён босқичма-босқич ва техник синовлар асосида амалга оширилаётганини англатади.
Жамоат хавфсизлиги соҳасида ҳам янги ёндашувлар амалиётга жорий этилди. Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича “Хавфсиз бозор”, “Хавфсиз сайилгоҳ” ва “Хавфсиз истироҳат боғи” моделлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Янги моделларнинг жорий этилиши жамоат жойларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, хавфсиз муҳитни шакллантириш ва фуқаролар учун қулай ижтимоий шароит яратишга хизмат қилади. Муҳим жиҳати шундаки, давлат органларининг вазифаси фақат қоидабузарлик содир бўлгандан кейин чора кўриш эмас, балки унинг олдини олишдан ҳам иборат. Мазкур моделлар айнан шу профилактик ёндашувни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Умуман олганда, давлат бошқарувини аҳоли эҳтиёжларига яқинлаштириш, жараёнларга замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар ўз самарасини бериб келмоқда.
Инобат ҲАКИМОВА,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бош мутахассиси.
ЎзА