Ҳудудлардаги мавжуд яшилликни асраб-авайлаш, кўп йиллик дарахтларни сақлаб қолиш, уларга зиён етказмаслик, шунингдек, дарахт ва буталарни тўғри парвариш қилиш, ўз вақтида буташ бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бирига айланган. Тўғри-да, бугунги сув танқислиги, иқлимнинг кескин ўзгаришлари фонида бир кўчатни кўкартириб, катта дарахт ҳолига етказиш осон кечмаяпти. Шундай экан, мавжудларини асраш ва яшил ҳудудларни сақлаб қолишга алоҳида эътибор билан ёндашиш талаб этилади.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида Тошкент шаҳридаги кўп йиллик дарахтлар ҳолати ўрганилди. Ўрганишлар давомида мамлакатимизда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётган бир шароитда мутасаддилар томонидан мавжуд дарахтларни асраш чоралари кўрилмаётгани билан боғлиқ аянчли ҳолатлар маълум бўлди.

Хусусан, Олмазор тумани Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари атрофидаги манзарали дарахтлар парваришлашга муҳтож ҳолатда. Баъзилари кесиб ташланган, агротехник тадбирлар етарли даражада эмас. Буташ ишлари белгиланмаган вақтда амалга оширилгани аниқланди. Бу ҳолат эса дарахтларнинг касалланиш ва қуришга мойиллигини кучайтиради.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳудудий бўлимининг маълум қилишича, айрим дарахтларга инсон ҳаёти ва мол-мулкига хавф туғдиргани сабабли шакл берилган ҳамда санитар кесиш ишлари олиб борилган. Аммо сўнгги 2-3 ой ичида амалга оширилган 20 тупдан ортиқ дарахтни кесишга рухсат берилгани юзасидан тегишли ҳужжатлар тақдим этилмади.
Партия вакиллари ва депутатлар бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш зарурлигини таъкидлади. Ушбу ўрганишлар эса ҳудуддаги дарахтларни асраб қолиш, шаҳар ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш ҳамда яшилликни сақлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА