“D-Med” тизими: имкониятлар ва ечимини кутаётган муаммолар таҳлили
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, хусусан, фармацевтика соҳасида шаффофликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада “D-Med” электрон тизимининг жорий этилиши муҳим қадам бўлди. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими ва дорихоналарда ушбу тизимнинг ишлаш самарадорлиги юзасидан ўтказилган таҳлилий ўрганишлар соҳадаги ютуқлар билан бирга, бартараф этилиши лозим бўлган қатор масалаларни ҳам юзага чиқарди.
Электрон рецепт тизимининг йўлга қўйилиши нафақат назоратни кучайтириш, балки соҳани коррупциядан холи қилишга хизмат қилади. “D-Med” орқали дори воситаларини тайинлашда аниқлик ва шаффофлик таъминланади. Инсон омили билан боғлиқ хатоликлар камаяди. Дори воситаларининг ноқонуний айланмаси устидан давлат назорати ўрнатилади. Аҳоли учун қоғозбозликдан воз кечилиб, хизмат кўрсатиш жараёни соддалашади.
Профилактика тадбирлари давомида дорихона ходимлари ва фармацевтлар тизимдан фойдаланишда дуч келинаётган реал муаммоларни баён қилди.
Ҳаққоний таҳлиллар шуни кўрсатдики. Дастурнинг ишлаш тезлиги пастлиги ёки қисқа муддатли техник узилишлар мижозларга хизмат кўрсатиш вақтининг чўзилишига сабаб бўлмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, электрон рецептларни тизимга киритишда баъзи ноаниқликлар ва хатоликлар кузатилмоқда. Бу дорихоналарда дори воситаларини расмийлаштириш жараёнини техник жиҳатдан мураккаблаштиради.
Тиббиёт ходимларининг янги тизим билан ишлаш кўникмаларини ҳали ҳам такомиллаштиришга эҳтиёж борлиги сезилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари ушбу муаммоларни тизимни шаклланиш босқичидаги табиий жараён деб баҳоламоқда. Серверларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва дастурий таъминотни оптималлаштириш, тиббиёт ва дорихона ходимлари учун электрон рецепт билан ишлаш бўйича амалий тренингларни кўпайтириш, тизимни нафақат шаҳар марказларида, балки чекка ҳудудларда ҳам бир хил барқарорликда ишлашини таъминлаш мавжуд камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Умуман олганда, “D-Med” тизими — тиббиётнинг келажаги. Мавжуд техник ва услубий муаммоларнинг тизимли равишда ҳал этилиши яқин истиқболда юртимизда тиббий ва фармацевтик хизмат кўрсатиш сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА