Чўлдан бошланган ободлик: Дўстлик тумани мустақиллик йилларида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани бугунги қиёфаси, аввало, инсон меҳнати, фидойилиги ва бунёдкорлик самарасини намоён этади. Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида туман ҳаётига назар ташлар эканмиз, бир вақтлар ўзлаштириш қийин бўлган чўл ҳудудлари бугун обод маҳаллалар, серҳосил далалар ва замонавий инфратузилмага эга масканга айланганига гувоҳ бўламиз.
1970 йилда ташкил этилган Дўстлик тумани чўл ерларини ўзлаштириш ва янги аҳоли пунктларини барпо этиш жараёнида шаклланган. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган муҳандис, қурувчи ва деҳқонларнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати туфайли янги масканга “Дўстлик” номи берилган.
Бугун 450 квадрат километр майдонни эгаллаган туманда 72 минг нафардан зиёд аҳоли, турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилмоқда.
[gallery-30841]
Сўнгги йилларда туманнинг ижтимоий-иқтисодий қиёфаси янада ўзгариб, замонавий уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда саноат корхоналари барпо этилди. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва йўл инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам ҳудуд аҳолиси учун қулайликларни кенгайтирмоқда.
Қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологиялар, жумладан, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, интенсив боғдорчилик ва самарадорликни оширишга қаратилган янги ёндашувлар кенг жорий этилмоқда.
Бир пайтлар чўлни ўзлаштириш билан бошланган бунёдкорлик бугун замонавий ва обод туман қиёфасида давом этмоқда. Мустақиллик йилларида эришилган натижалар Дўстлик туманининг янги тараққиёт босқичи учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА