Чўл ва адирларимиз учун нега айнан Мўғулистон қўйлари танланди?
Президент топшириғи — амалда
Давлатимиз раҳбари 5 август куни чорвачиликни ривожлантиришга бағишланган тақдимотда Мўғулистондан 150 минг бош қўй олиб келиш бўйича масъулларга топшириқ берган эди.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ориф Бўтаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Мўғулистонда бўлиб, муҳим келишувларга эришди.
Ташриф давомида делегациямиз вакиллари Мўғулистондаги карантин зоналарини, экспортга тайёрланаётган чорва молларини кўздан кечирди ҳамда уларни юртимизга хавфсиз ва сифатли етказиб бериш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Ташриф мамлакатимиз чорвачилик соҳасини ривожлантиришда ғоят аҳамиятлидир. Аввало, 150 минг бош қўйнинг олиб келиниши ички бозорда гўшт маҳсулотлари танқис бўлишининг олдини олади ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлашга бевосита хизмат қилади. Қолаверса, Мўғулистон қўйлари ноқулай иқлим ва совуққа чидамлилиги билан ажралиб туради. Бу эса уларни юртимизнинг чўл ва адир ҳудудларида осон кўпайтириш имконини беради.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим томони шундаки, мўғулистонлик олимлар билан биргаликда кам сув талаб этадиган ва қурғоқчиликка чидамли озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилади. Бу сув камчил чўл ҳудудларимизда ҳам мўл озуқа базасини яратиш ва яйловлардан самарали фойдаланишга имкон беради.
Мўғулистонлик тадбиркорлар билан мулоқотлар асносида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Бу эса қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ва аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратади.
ЎзА