“Чиял яхна гўшти” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
Бу ҳақда Қашқадарё вилоят Кўкдала туман ҳокимлиги маълум қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёга очилмоқда, туризм салоҳияти кенгаймоқда. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудининг ўзига хос табиати ва анъаналари мавжуд. Уларни жаҳон миқёсида машҳурликка эришишида албатта ҳудудий брендларни ривожлантириш ва уни шу ҳудуд билан боғлиқлигини кўрсатишда интеллектуал мулк объектларининг бир тури бўлган географик кўрсаткичларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади.

“Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг кўмаги билан “Чиял яхна гўшти” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Республика миқёсида 208 та тумандан 11-бўлиб, Қашқадарё вилоятида эса иккинчи бўлиб рўйхатдан ўтказилган ушбу географик кўрсаткич ҳақидаги хабарнома Кўкдала туман ҳокимлигига топширилди.
Географик кўрсаткичлар “гастрономик туризм”ни ривожлантиришга ва ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, 2024 йил 8 январь куни “Ғузор тандир гўшти” ҳам географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири