Чироқчида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди
Бир пайтлари юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларида спорт мажмуалари талабга жавоб бермаслиги, зарур инфратузилманинг абгорлиги, спорт жиҳозларининг етишмаслиги туфайли оддий мусобақа тугул, кундалик машғулотларни ташкил этиш ҳам мушкул юмуш эди.
Бугун-чи? Мамлакатимизда янгиланиш, инсон қадрини улуғлаш тамойиллари устуворлик касб этиши сабабли нафақат шаҳарларда, балки туман марказлари, ҳаттоки маҳаллаларда ҳам бири-биридан кўркам ва шинам спорт мажмуалари, спорт майдончалари барпо этилди ва этилмоқда. Улар керакли спорт инвентарлари билан таъминланмоқда.

Натижада қисқа фурсатда мамлакатимизнинг исталган туман марказида республика даражасидаги мусобақаларни уюштириш учун кенг имкониятлар яратилди.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида белбоғли кураш бўйича 2011-2013 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати воҳанинг курашсевар ёшлари учун маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Аҳолига эса спорт байрами шукуҳини тақдим этди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 320 нафар ёш полвон белбоғли курашнинг белбоғли кураш ва эркин йўналишида ўз вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Чемпионатнинг очилиш маросимида иштирок этган Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ҳамда Қашқадарё вилоят белбоғли кураш федерацияси раиси Фарҳод Жуманов ва бошқалар Ўзбекистон чемпионатининг Чироқчида ўтаётганлиги мамлакатимиз спорт ҳаётида ўзига хос воқеа бўлганлигини таъкидлади.

Шундан сўнг мусобақа регламентига мувофиқ, ўғил болалар белбоғли курашнинг классик йўналишида 13 та вазн тоифасида, қизлар эса эркин йўналишда 9 та вазн тоифасида беллашувларга киришди.
Муросасиз беллашувларга бой тарзда ўтган чемпионатда қашқадарёлик қизлар жамоасининг чиқишлари мухлислар олқишига сазовор бўлди. Айниқса, Чироқчи спорт мактаби спортчи қизлари рақибларини мағлубиятга учратиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганлиги мухлислар олқишига сазовор бўлди.

Икки кун давом этган чемпионат якунида наманганлик Омадбек Одилжонов, андижонлик Муъинжон Аҳмаджонов, фарғоналик Гулёрахон Одилжонова, навоийлик Мафтунахон Бегибоева, сирдарёлик Сирожиддин Раҳмонов, андижонлик Абдулла Юлдошев, қорақалпоғистонлик Муҳаммадалий Акемниязав, қашқадарёлик Асадбек Чўлиев каби ёшлар айнан Чироқчида Ўзбекистон чемпионлигига эришди.
Чемпионатда кучли учликдан жой олган спортчилар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА мухбири