Ўзбекистонда сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Аслини олганда қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ер ости бойликлари захираларини тежаш билан бирга, экологияга чиқарилаётган зарарли газларнинг миқдорини камайтиришга хизмат қилади.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тарихий ҳужжат бўлди. Сабаби, бундай тартиб ҳамма давлатларда ҳам мавжуд эмас.
Ҳужжатга асосан, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2022 йилда фақат иккита қуёш фотоэлектр станцияси томонидан йил давомида жами 434 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 576,9 миллион киловатт-соатга етган. 2024 йил якунида эса қуёш ва шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 миллиард 860 миллион киловатт-соатни ташкил этди. 2025 йил июль ойида ишлаб чиқарилган умумий 1 миллиард 246 миллион киловатт-соат энергиянинг 760,9 миллион киловатт-соати қуёш станциялари ҳиссасига тўғри келса, 485,4 миллион киловатт-соати шамол станцияларида ишлаб чиқарилган. Ушбу энергия ҳажми орқали 377,5 миллион метр куб табиий газ тежалди ҳамда атмосферага чиқарилиши мумкин бўлган 1 миллион 120 минг тонна зарарли газларнинг олди олинди.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, 2025 йил июль ойида юртимиздаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 1 миллиард 246 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу мамлакат энергетика тизимидаги энг юқори ойлик кўрсаткич бўлиб, умумий электр генерациясининг 17 фоизини ташкил этган.
Бугунги кунда мамлакатимизда умумий қуввати 4 минг 119 мегаваттга тенг бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 4 та шамол электр станцияси фаолият юритиб, қайта тикланувчи манбалардан “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, июль ойида мамлакатдаги барча қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари томонидан 2 миллиард 89 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ойлик умумий генерациянинг 27 фоизини ташкил этди. Бунинг натижасида 633 миллион метр куб табиий газ тежалди, атмосферага чиқиши мумкин бўлган 1 миллион 880 минг тонна зарарли моддаларнинг тарқалишига йўл қўйилмади.
Айтиш жоизки, июль ойида ишлаб чиқарилган 2 миллиард 89 миллион киловатт-соат электр энергияси 1 миллион 492 минг хонадоннинг етти ойлик ёки 870 минг хонадоннинг бир йиллик энергия эҳтиёжини қоплаш имконини беради.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2025 йил 2 август ҳолатига кўра, йил бошидан буён республикадаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси миқдори 6 миллиард киловатт-соатдан ошгани қайд этилган.

Ўтган давр мобайнида юртимизда қайта тикланувчи энергетикага ўтиш бўйича улкан ишлар қилинди. 2026 йилга қадар эса қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шу ўринда юқорида номи келтирилган қарордаги имтиёзларга эътибор қаратамиз. Ушбу ҳужжатга асосан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ имтиёзлари жорий этилган. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини 100 кВтгача ўрнатган юридик ва жисмоний шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи ва қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғидан озод этилади. Яъни, 10 сотих ерингизнинг 2 сотихига қуёш панеллари ўрнатсангиз, 2 сотих ер учун ер солиғини тўлашдан озод этиласиз. Қолган 8 сотихига белгиланган тарифларга асосан ер солиғи тўлайсиз. Мол-мулк солиғи ҳам ҳудди шундай. Қуёш панелига алоқадор янги олиб келиб ўрнатган мулклар мол-мулк солиғидан озод этилади. Қолган мавжуд мулклар бўйича солиқ ўрнатилган тарифларга кўра ундирилади.
Шунингдек, қарорда фойда солиғидан озод этиш бўйича ҳам тўхталиб ўтилган. Бунда ҳам эътибор қаратинг, фақатгина мазкур қурилмадан олган даромад солиқдан озод этилади. Қолган даромадларга таъсир қилмайди.
Яна бир эътиборли жиҳати, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, аҳоли хонадонларига кичик қувватли (50 кВт гача) қуёш панели ўрнатган жисмоний шахсларга (юридик шахсларга эмас) тегишли объектларга ўрнатилса, ҳар бир киловатт-соатига давлат бюджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратилмоқда.
Қарорга кўра, яна бир ҳолатга эътибор қаратиш керак. Қарорда ушбу субсидиялар “Қуёшли хонадон” дастурига киритилган фуқароларга ажратилиши белгиланган. Яъни, қарорнинг 4-иловасида 36 минг 686 та аҳоли хондонларида ушбу қурилмаларни ўрнатиш режаси туманлар кесимида белгиланган. Ушбу рақамлар доирасида субсидия ажратилади. Масалан, Андижон вилоятида 5 минг 321 та хонадонга ёки Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 22 та хонадонга қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланган.
Ушбу субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда "Soliq" мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилмоқда.
Юқорида санаб ўтганимиздек қуёш панелини ўрнатган фуқароларга қатор имтиёз ва имкониятлар яратилган. Бироқ, яратилган имкониятларни баъзи фуқаролар нотўғри тушунмоқда. Натижада, фуқаролар орасида қуёш панелини ўрнатишга мажбурлаш ҳисси пайдо бўлмоқда. Аслида яратилган имкониятларни тўлиқ тушунган фуқаролар, ўзи истаб қуёш панелини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
Қуёш панелини ўрнатган Хайринисо онахон қайта тикланувчи электр энергиясидан даромад ҳам олиш мумкинлигини тушунди.
–Рўзғоримиз катта. Икки келиним билан бир ҳовлида 15 жон яшаймиз. Шу вақтга қадар ҳар ойда электр энергиясига 100-150 минг сўмдан тўлаётган эдик. Қуёш панели ўрнатиб маблағимиз тежалиб, аксинча, ортиқча электр энергияси учун бизга пул ҳам тўлашяпти – дейди ғаллаороллик Хайринисо момо. – Энг муҳими, баъзида маҳалламизда электр энергияси вақтинча узилса, бизнинг уйда чироқ ўчмайди. Маҳалладошларимиз уйимизга “Чироғи ўчмайдиган уй” деб ном беришган. Ҳозирги кунда маҳалламизда бизники каби чироғи ўчмайдиган уйлар сони кўпаймоқда.
Жиззахлик Азизбек Кенжаев янги уй қуриб, унинг том қисмига келажаги учун капитал бўла оладиган даромад манбаи — қуёш панелларини ўрнатишни афзал кўрди.
— Жиззах шаҳрида қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш бўйича бир қанча корхона фаолият юритмоқда, – дейди А.Кенжаев. — Шу корхоналарнинг бирига мурожаат қилдим. Масъул ходимлар хонадонимни ўрганиб, 100 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатишни тавсия қилишди. Айни пайтда хонадонимиз истеъмолидан ташқари кунлик ишлаб чиқарилаётган 380-400 кВт электрни давлатга сотаяпмиз. Июнь ва июль ойида 8 миллион сўмлик электр сотдик. Бу оиламизга қўшимча даромад. Қолаверса, мол-мулк солиғи ва қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғидан озод этилганмиз.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА