Чиқиндилар ўзимизга зарар етказади
Долзарб мавзу
Ҳар куни эрталаб ишга келар чоғим шаҳар кўчаларини супураётган, дарахт ва гулларга сув қуяётган ободонлаштириш бошқармаси ишчиларига дуч келаман.
Эрта тонгдан озода, салқин йўлаклардан юриб ишга, ўқишга, боғчага бориш қандай яхши. Маҳалла гузаридаги дўконлар, сартарошхона, ошхоналар атрофи озода қилиб супурилганини кўриб, кўзингиз қувнайди. Афсуски, соат миллари тушликни ҳам кўрсатмай туриб бинолар олди, йўлаклар музқаймоқ қоғозлари, баклажка, сигарет қутиси, намлантирувчи салфеткаларга тўлиб кетади. Ҳаттоки қадам босиб ўтгани жой қолмайди. Беихтиёр, одамларнинг бировлар меҳнатини қадрламаслиги, табиатга бўлган эътиборсизлиги қалбингизни оғринтиради.
Мана бугун ҳам ўша аҳвол. Бектемир туманидаги Мажнунтол, Зилола, Чашма, Иқбол маҳаллалари атрофлари эрталабдан озода қилиб супурилган, чиқиндилар йиғилиб, махсус машиналарда олиб кетилган бўлса-да, кўп ўтмай йўлаклар атрофи чиқиндилар билан тўлган.
Бугун аҳоли ўртасида юқумли касалликлар кўпаяётгани боис, шаҳар, туман марказларидаги маҳалла, кўча ҳамда бозор, мактаб, ишхоналар атрофида доимий равишда тозалик, ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Кўп қаватли уйлар атрофига эса махсус чиқинди ташлаш шохобчалари қурилган. Хўш, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган шундай ишларга аҳолининг муносабати қандай?
– Аҳолининг муносабатини яхши деб айтолмайман, –дейди Бектемир тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Лазиз Ғофуров. – Ҳар куни ободонлаштириш марказининг 100 нафарга яқин ходими эрталаб соат 6:00 дан туманимиздаги 11 та маҳалла ҳудудларини тозалаб, чиқиндиларни олиб кетишади. Афсуски, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай кўчалар, йўлаклар, кўп қаватли уйлар атрофи яна майда чиқиндиларга тўлиб кетади. Асосан одамлар қўлларидаги сувдан бўшаган баклажка, сигарет қутиси, музқаймоқ қоғозлари, писта пўчоқлари, конфетлардан бўшаган қоғозларни дуч келган жойга ташлаб кетаверишади.
Туманимизда 45 минг нафар аҳоли бор. Улар ўртасида тушунтириш ишларини доимий равишда олиб боряпмиз. Тадбирларда шахсан ўзим иштирок этиб, туманимиз кўчаларини озода тутиш, юқумли касалликлар кўпайишининг олдини олиш фақат бизгагина боғлиқ эмаслигини одамларга тушунтираман. Аммо натижаси бўлмаяпди. Шу боис чиқинди ташлаш маданияти бўйича роликлар тайёрлаб, Бектемир тумани газетаси ҳамда ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали тарқатишни режалаштириб турибмиз.
Кўпқаватли уйлар атрофида ҳордиқ чиқариб ўтирган Майсара ая Намозова кўчалар озодалиги асосан катталарга боғлиқлигини таъкидлади.
– Айрим оналар ёш боласининг қўлига оғир чиқинди челакни тутқазиб, кўчага ташлаб келишни буюради, –деди М. Намозова. – Баъзи болалар эриниб, чиқиндини йўл четига ёки уйлар атрофига ташлаб кетади. Атрофдаги дайди кучук, мушуклар уларни титкилаб, егулик қидириб, ҳаммаёқни ифлос қилади. Чиқиндиларга қўнган пашшалардан эса касаллик кўпайиш эҳтимоли кучаяди. Чиқиндилар ташланадиган жойлар озодалиги, гигиенаси масъул шахслар томонидан назорат қилиб борилади. Аммо атроф муҳитни қандай сақлаш, энг аввало ўзимизга боғлиқ.
Ўзимиз учун керакли озиқ-овқатларни энг тоза, салқин жойларда сақлашга одатланганмиз. Улардан чиқадиган чиқиндиларни ҳам ахлат яшигига авайлаб ташлаймиз. Уйимизни озода тутишга ҳаракат қиламиз. Аммо қўлимиздаги чиқиндини йўлакка ирғитаётганимизда виждонимиз қийналмайди. Бу одатимизни болалар, ёшлар кўриб турганини ҳис этсакда эътибор бермасликка ҳаракат қиламиз. Биз бундай ҳатти-ҳаркатимиз билан табиатга қанча зарар етказаётганимизни, оқибати яхшилик билан тугамаслигини тан олгимиз келмайди.
Маълумотларга кўра, бутун дунёда ҳар йили 7 миллион одам ҳавонинг ифлосланиши оқибатида вафот этади. Уларнинг аксарияти саратон, респиратор ёки юрак касалликлари билан оғрийди. Болаларда эса астма, сурункали ўпка касалликлари, бўй ўсишининг секинлашуви, семизлик ва ақлий заифлик кузатилмоқда.
Бугунги кунга келиб ҳавонинг ифлосланиш даражаси дунё харитасидаги аксарият мамлакатлар ҳукуматларини ташвишга соляпти. Баъзи шаҳарларда ўртача умр кўрсаткичи йилдан-йилга қисқариб бормоқда.
Демак, эртанги ҳаётимизни қандай ўтиши, саломатлигимиз кафолоти кўп жиҳатдан бугунги хатти-ҳаракатларимизга боғлиқ экан. Шундай экан, бугун ўзимиз ерга улоқтираётган чиқиндилар эртага ўзимизга зарар етказиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрайлик.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА