Чигит экиш ишларига тайёргарлик
Тажрибали деҳқонларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртароқ, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 10 сантиметр чуқурликда 13-14 градусга етганида чигит уруғини қадаш учун энг қулай муддат саналиб, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди.
– Сўнгги йилларда пахтачилик соҳасида қўлланилаётган илмий-инновацион технологиялар самараси ўлароқ, уруғчиликда Хитой чигитини амалда экиб етиштириш кўзланган натижани бермоқда, – дейди “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДМ Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси Ю.Тоиров. – Бу йил ялпи экилаётган майдоннинг 66 минг гектарида маҳаллий, 34 минг гектарида хорижий чигит экиш режалаштирилган. Шу боис, айни мавсум олдидан Хитойдан ғўзанинг “Xinluzao-57” навли чигитидан 1750 тонна уруғлик келтирилиб, бир минг тоннасидан намуналар олинган.

Устуворлиги шундаки, маҳаллий чигитдан ҳар гектарига 35 килограмм уруғ қадалса, хорижий уруғликдан гектарига 27 килограмм экилади.
Жорий мавсумда Хитой чигити энг кўп экиладиган ҳудудлар миқёсида олсак, Жондор туманида 4200 гектарда, Вобкент туманида 3800, Ромитан туманида 3700, Қоракўл туманида 3240, Шофиркон туманида 3200, Ғиждувон туманида 3040 гектарда хорижий навли чигит экишга киришилади.

Кўп йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда жорий мавсумда ҳам вилоятда эртапишар “Бухоро-102”, “Бухоро-10” (“Сардор”), “Порлоқ” ва ўртапишар “Бухоро-6”, “Бухоро-8” каби маҳаллийлаштирилган ғўза навларини экиш режалаштирилган.

Туманларда пахта етиштириладиган жами 19 минг 84 та контурда фаолият олиб борадиган 142 та штаб ва 146 та отряд, қолаверса, улар тасарруфидаги мавжуд 283 та юқори унумли чигит экишгич, бошқа техникалар иш фаолияти кунлик мувофиқлаштириб борилади. Чигит экиш отрядларига 1 мингдан ортиқ техника бириктирилиб, 137 та кўчма устахона, 133 та ёқилғи тарқатиш машинаси ажратилган.

– Айни кунда “Ўзагролизинг” АЖнинг “Vobkent Garden Bukhara” МЧЖ базасида маҳаллий ва Хитой усулида плёнка остида қўшқатор чигит экишга мослашган сеялкаларни тайёрлаш ишлари якунланди, – дейди “Ўзагролизинг” АЖ вилоят филиали раҳбари Завқиддин Ҳафизов. –Жумладан, 76х10 сантиметр схемада қўшқатор чигит экадиган 70 та, қўшқатор тайёрланган 50 та экишгич шай қилинган бўлса, лизинг асосида янгидан сотиб олинган 100 дона илғор хорижий русумдаги экишгич синовдан ўтказилади. Ҳозирда бу технологияларни йиғишда хитойлик мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар эрта-индин чигит экиш жараёнида ҳам механизаторларга яқиндан ёрдам беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири