Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик муаммолари ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фаолияти давомида қонун ижодкорлиги билан бирга турли соҳаларда назорат-таҳлил ишларини ҳам амалга оширади.
Яқинда парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари ва мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Тошкент шаҳри, Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилиши ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида олиб борилган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб қайтди.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказида мазкур ўрганишлар, ўтказилган назорат-таҳлил тадбири якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
– Конституциямизнинг 52-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир ва фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий хизматни ўташга мажбурдирлар, — деди йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Солиҳов. — Маълумки, ҳарбий хизматга чақириладиган фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлаш масалалари “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.
Ушбу қонунга мувофиқ, чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлашнинг ташкил этилиши, амалга оширилиши ва натижаларини назорат қилиб бориш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни услубий жиҳатдан таъминлаш Мудофаа вазирлиги, шунингдек, таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан амалга оширилади.Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув дастуридаги мажбурий фан бўлиб, умумтаълим мактабларида ва ўрта махсус таълим муассасаларида чақирувга қадар тайёргарлик ўқитувчилари томонидан битириш йили арафасидаги курслардан ёки синфлардан бошлаб ўтилади.
Ишчи гуруҳимиз аъзолари Тошкент шаҳри, Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги умумтаълим мактабларида бўлиб, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилиши ҳолати, муаммо ва камчиликларни батафсил ўрганишди. Бундан ташқари, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар билан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича машғулотлар самарадорлигини ҳамда чақирув ёшидаги фуқароларнинг тайёргарлик даражасини баҳолаш юзасидан сўровнома ўтказилди.
Тадбирда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик таълимини малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳолати кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб 11 йиллик таълим жорий этилди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев.— Шу муносабат билан сўнгги уч йилда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик таълимини такомиллаштириш, ривожлантириш, малакали мутахассислар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозир Бухоро давлат университети, Фарғона давлат университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб бошқа бир қатор олий таълим муассасаларида ушбу фан бўйича мутахассислар тайёрланади.
Охирги уч йил давомида ушбу олийгоҳларда “чақириққача ҳарбий таълим” йўналишини тамомлаб, офицер унвонига эга бўлган 767 нафар мутахассис тайёрланган.Республикамиздаги 9 минг 896 та умумтаълим мактабида юқори синфлардаги ўқувчи-ёшларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани 9670 нафар ўқитувчи томонидан ўқитилмоқда. Булардан “чақириққача ҳарбий таълим” йўналиши бўйича олий таълим муассасаларни тугатган ўқитувчилар 38 фоиз, ҳақиқий ҳарбий хизматдан резерв ёки истеъфога бўшатилган офицерлар 24 фоиз, шартнома асосида жалб этилаётган мутахассислар 5,8 фоизни ташкил этмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, ишчи гуруҳи аъзоларининг ўрганишлари давомида ушбу фан бўйича машғулотлар ўтказаётган ўқитувчиларнинг17 фоизи номутахассис кадрлар, яъни бошқа фан ўқитувчилари эканлиги маълум бўлди.Бу, айниқса, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида юқори кўрсаткични ташкил этади.
Муҳокамаларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг моддий-техник таъминоти, ўқув хоналарини жиҳозлаш, шунингдек, дарслик, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш масалаларида қатор муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди.Ўрганилган ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидан ташқари қолган ҳудудларда зарур воситалар, қурол-яроғлар билан таъминланганлик ҳолати қониқарсиз.
Хусусан, Бухоро вилоятидаги 3-, 7-, 14 ва 16-умумтаълим мактаблари, Сурхондарё вилоятидаги 15-, 16-, 17- ва 48-мактаблар ўқув қурол-яроғи ҳамда тиббий анжомлари билан етарли даражада таъминланмаган.Бундан ташқари, ўрганишлар давомида айрим мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича амалий машғулотларнинг ўтказилиши учун тўсиқлар йўлаги мавжуд эмаслиги,борлари ҳам эскириб қолгани боис амалиётда қўллаш хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги аён бўлди.
Мажлисда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходими Марат Ҳожимуҳаммедов ўқувчилар билан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича машғулотлар самарадорлигини ҳамда чақирув ёшидаги фуқароларнинг тайёргарлик даражасини баҳолаш юзасидан ўтказилган сўровнома натижалари билан таништирди. Қайд этилганидек, 2 минг 192 нафар ёш орасида ўтказилган социологик тадқиқотлар натижалари чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш билан боғлиқ бир қатор жиддий ва тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Мажлис якунида қўмитанинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини мутахассис кадрлар билан таъминлаш, ўқув хоналари моддий-техник базасини яхшилаш, ўқув-дала машғулотларини ўз вақтида ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда соҳага тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросига оид тегишли қарори қабул қилинди. Соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш масаласи доимий парламент назоратида бўлиши таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА