Чанг босган бинолар — бой берилган имкониятлар
Қулфланган ҳар бир бино, фойдаланилмаётган ҳар бир ер майдони — бу йўқотилган инвестиция, бой берилган иш ўрни ва маҳаллий бюджетга тушмай қолган маблағ демакдир. Сирдарё вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айнан шу долзарб масала танқидий руҳда муҳокама қилиниб, масъуллар олдига қатъий вазифалар қўйилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган муҳокамада бўш турган давлат ва хусусий объектлардан самарали фойдаланиш, ер майдонларини инвестицияга тайёрлаш ҳамда сунъий бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, июль ойида вилоятдаги 462 та бўш объектнинг 95 таси ёки 21 фоизи иқтисодий фаолиятга жалб этилган. Бироқ қолган объектлар ҳали ҳам ўз эгасига ҳам, давлатга ҳам манфаат келтирмаяпти.

Муҳокама давомида Янгиер шаҳрида 73 та, Сирдарё туманида эса 46 та бино 6–7 йилдан буён бўш тургани кескин танқид қилинди.

— Бинони қулфлаб қўйиб, "эгаси бор" деб ўтириш билан иш битмайди. Бу объектлар ишлаб чиқариш майдонига, хизмат кўрсатиш шохобчасига ёки янги корхонага айланса, юзлаб одамлар иш билан таъминланади, маҳаллий бюджетга солиқ тушумлари ортади, — дея таъкидлади вилоят раҳбари.

яна бир ташвишли ҳолатга эътибор қаратилди. Бўш турган 103 та объектнинг солиқ қарзи 26,5 миллиард сўмни ташкил этади. Уларни ундириш учун қарийб 25 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросига юборилган бўлса-да, амалда етарли натижага эришилмагани қайд этилди.

Тижорат банклари балансидаги 73 та нотурар бино ҳам иқтисодий айланмадан четда қолмоқда. Масалан, Боёвут туманидаги 2,2 гектар майдонда жойлашган собиқ молхона ишлаб чиқаришга жалб этилганда, ҳар йили маҳаллий бюджетга камида 100 миллион сўм қўшимча тушум келтириши мумкин эди.
Ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам танқид остига олинди. Айни пайтда вилоятда 150 гектар ноқишлоқ хўжалиги ерлари аукцион орқали сотилмай турибди. Ваҳоланки, ушбу ерлар сотилишидан тушадиган маблағнинг ярми маҳаллий бюджетларда қолади.

Муаммонинг асосий сабаби сифатида ерларни савдога тайёрлаш жараёнидаги камчиликлар кўрсатилди. Айрим ҳолларда инфратузилмасиз, электр энергияси, сув тармоғи ва автомобиль йўли етиб бормаган ҳудудлар тадбиркорларга таклиф этилаётгани инвесторларнинг қизиқишини пасайтирмоқда.
Вилоят ҳокими бу борада Кадастр, Архитектура ҳамда маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини кескин танқид қилиб, масъулларга ўзаро масъулиятни бир-бирига юклаш амалиётига барҳам бериш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда тегишли идоралар раҳбарларига ўн кун муддатда сунъий тўсиқларни бартараф этиш, инфратузилмасиз ер майдонларини аукциондан чиқариб, тадбиркорлик учун тўлиқ тайёрланган ерларни савдога қўйиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Муҳими, бу муҳокама фақат рақамлар таҳлили билан чекланиб қолмади. Ҳар бир бўш бино ва ҳар бир фойдаланилмаётган ер майдони ортида янги иш ўринлари, қўшимча солиқ тушумлари ва аҳоли фаровонлигини ошириш имконияти тургани алоҳида урғуланди. Энди асосий вазифа — ушбу имкониятларни амалда рўёбга чиқаришдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири