“Буюк Шарқ Ренессанси” халқаро олимпиадаси – билимдон ёшлар беллашуви
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Фан олимпиадалари маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Буюк Шарқ Ренессанси” халқаро олимпиадаси ўтказилмоқда.
Мазкур олимпиада тарих, география, адабиёт, санъат ва ислом цивилизацияси йўналишларини қамраб олиб, IX–XVI асрлар оралиғида Марказий Осиё ҳудудида яшаб ижод қилган буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, шунингдек, минтақадаги ноёб тарихий обидаларга бағишланган билимлар синови асосида ташкил этилган.
Олимпиада мазмунида Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Ал-Фарғоний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Форобий, Жалолиддин Румий ва Амир Темур каби жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган зотларнинг мероси марказий ўрин тутади.
[gallery-29233]
Шу билан бирга, олимпиада иштирокчилари Марказий Осиё ва қўшни давлатларда жойлашган тарихий обидалар — Сомонийлар мақбараси, Минора, Регистон мажмуаси, Улуғбек мадрасаси ва бошқа тарахий-меъморий дурдоналар ҳақидаги билимларини ҳам синовдан ўтказаяпти.
Олимпиадада Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан жами 50 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Ҳар бир давлатдан 14–18 ёшли ўқувчилардан иборат жамоалар иштирок этиб, уларга тажрибали раҳбарлар ҳамроҳлик қилмоқда. Шунингдек, мусобақага хорижий давлатлардан юқори малакали экспертлар, олимлар ва профессорлар жалб этилган.
Олимпиада икки босқичда ўтказилмоқда. Биринчи босқичда иштирокчилар Шарқ алломалари ижоди ва илмий мероси бўйича чуқур таҳлилий ва ижодий ёзма ишлар тайёрлайди. Иккинчи босқичда эса тарихий обидалар бўйича илмий-амалий таҳлиллар тақдим этилади.
Ғолиб жамоалар олтин, кумуш ва бронза медаллари ҳамда сертификатлар билан тақдирланади. Шунингдек, иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва маданий мерос объектларига саёҳатлар ташкил этилади.
Мазкур халқаро олимпиадани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини кенг тарғиб қилиш, ёшлар онгида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, бой маданий ва маънавий меросимизни халқаро миқёсда оммалаштиришдан иборат.
“Буюк Шарқ Ренессанси” халқаро олимпиадаси бугунги кунда нафақат билимлар беллашуви, балки турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим интеллектуал платформага айланмоқда. У ёшларни биргаликда фикр юритиш ва ечим топишга ўргатади.
Мазкур нуфузли интеллектуал мусобақа ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиб, Шарқ алломалари меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон миқёсида тарғиб этишга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА