Бухоронинг янги қиёфаси халқ манфаати йўлидаги бунёдкорлик ташаббусларида намоён бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳрига ташрифи давомида дастлаб Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Мажмуа Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида синовдан ўтган бошқарув органларини интеграциялаш тажрибасининг давомидир. У ерда 38 та давлат идораси бир жойда жамланиб, аҳоли учун катта қулайлик яратилган. Авваллари турли юмуш билан олис масофаларни босиб, бошқа туман идораларига қатнаган фуқаролар барча хизматларни ўзига яқин жойда олиш имкониятига эга бўлди.
Президентимиз ўтган йили Кўкдалага ташрифи чоғида бундай ёндашув барча туманлар учун намуна эканини таъкидлаган эди. Ўтган даврда бошқа ҳудудларда ҳам ушбу тажриба асосида бунёдкорлик ишлари бошланган.
Хусусан, Бухородаги маъмурий марказ 14 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, биринчи босқичда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратура ҳамда ички ишлар бошқармалари каби давлат идоралари бир ҳудудда жамланган. Бу, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро мувофиқлашувини яхшилаш, мурожаатлар билан ишлашни тезлаштириш ва давлат хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади.
Мажмуа фақат маъмурий бинолардан иборат эмас. Бу ерда фуқароларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун хиёбонлар, фавворалар ва яшил ҳудудлар барпо этилмоқда.
Президентимиз вилоят ҳокимлигининг янги биносидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Одамларга қулайлик яратиш, фуқаролар турли масалалар юзасидан ҳар хил манзилларга бориб юрмасдан, зарур хизматларни бир ҳудуднинг ўзида олишини таъминлаш мақсадида давлат идораларини ягона маъмурий марказларга бирлаштириш ишларини изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.
Жумладан, банклар томонидан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ҳудуд ва маҳаллалар кесимида таҳлил ўтказилиб, Бухоро тумани мисолида ўсиш нуқталари аниқлангани ҳақида ахборот берилди. Бу таҳлиллар ер, сув, меҳнат ресурслари, бозор талаби, инфратузилма ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини ўзаро боғлиқ ҳолда баҳолаш имконини берди. Натижада Бухоро туманида агробизнес, туризм, саноат ва йўл бўйи хизматлари энг истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.
Хусусан, 15 минг гектар ерни ўзлаштириш, 500 гектар янги узумзорлар барпо этиш, экотуризмни кенгайтириш, шунингдек, нефть-газ, кимё, қурилиш ва озиқ-овқат тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2026-2031 йилларда ушбу йўналишларда 7,4 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 15 мингта янги иш ўрни яратиш мумкин.
Шунингдек, тумандаги 36 та маҳаллани 6 та драйвер йўналиш – узумчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, боғдорчилик, туризм ва сервисга ихтисослаштириш мумкинлиги қайд этилди. Лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида маҳаллалар учун ресурс базасини шакллантириш, бизнес-режаларни автоматик тайёрлаш, маблағлар ҳаракати ва натижаларни реал вақт режимида назорат қилиш бўйича сунъий интеллект асосидаги ечимлар ишлаб чиқилмоқда.
Президентимиз сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб, ҳар бир ҳудуднинг салоҳиятини очиш, лойиҳаларни натижага қаратилган ҳолда шакллантириш ва аҳоли бандлиги ҳамда даромадини оширишга хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Бухоронинг тарихий қисмига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини самимий қутлади.
Бухоронинг бой маданий меросини, тарихий қиёфасини асраш ва уни янада обод этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога сафари чоғида шаҳарнинг янги аэропортини барпо этиш лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда транспорт инфратузилмаси изчил ривожлантирилмоқда. Янги йўл ва кўприклар қурилиб, йўловчиларга қулайликлар оширилмоқда. Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари 2024 йилда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Бухоронинг янги халқаро аэропортини барпо этиш бўйича муҳим топшириқ берган эди.
Ушбу транспорт иншооти ҳамда унга туташ инфратузилмани барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан жами 370 гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа доирасида аэропортга олиб борувчи автомобиль йўли ҳам қурилмоқда. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрни ташкил этиб, шундан 2,7 километри мутлақо янги йўл, 21,1 километри эса реконструкция қилинади. Шунингдек, йўл бўйида 2 та йўл ўтказгич, 9 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ва 8 та кўприк барпо этилиши назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, янги аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги, шунингдек, соатига 1200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси қурилади.
– Биз Бухоро вилояти аҳолиси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай хизмат кўрсатадиган аэропорт барпо этишни мақсад қилганмиз. Шундай экан, ушбу аэропорт жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ мос бўлиши шарт, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбарига Бухоро вилоятининг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа қурилиш лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Зариф КОМИЛОВ,
ЎзА мухбирлари