Кўҳна ва боқий Бухорода анъанавий “Қовун сайли” байрами бўлиб ўтмоқда. Сайилнинг очилиш маросимида шаҳар-туманлар ҳокимлари, вилоятнинг барча туманларидан келган миришкор деҳқонлар, полизкор фермерлар, томорқа ер эгалари, агросаноат соҳаси корхоналари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, хорижий меҳмонлар ва кенг аҳоли вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, йиғилганларни вилоятнинг агротуризм салоҳиятини намойиш этиш, ҳудуднинг қадимий полизчилик тажрибаси, ширин-шакар қовун-тарвузлари ва боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб турлари ва навларини кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган “Қовун сайли” – миришкор деҳқонлар ва полизкор фермерларнинг ўзига хос ҳосил байрами билан қутлашди.
Эътироф этилганидек, юртимиз, хусусан, Бухоро деҳқончилиги, унинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган полизчилиги узоқ тарихга эга. Бугунги кунда давлат раҳбарининг ташаббуси билан полизчиликни деҳқончиликнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантираётган фермер хўжаликлари сони ҳам кўпайиб бормоқда. “Қовун сайли” улар эришаётган ютуқларнинг ўзига хос тақдимотига айланди.
“Қовун сайли”нинг мустақиллик байрами тантаналари олдидан ўтказилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки истиқлол ғаллачилик, сабзавотчилик ва боғдорчилик қаторида полизчиликнинг ҳам равнақ топишига катта имкон яратди. Айнан мустақиллик йилларида юртимиз тупроғи ва табиий иқлим шароитига хос, унут бўлиб кетган қовун навлари тикланди. Соҳага янги илмий асосланган технологиялар жорий этилди, илғор деҳқонларнинг тажрибаси оммалаштирилди.
Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда деҳқончиликнинг ушбу тармоғида сезиларли ютуқларга эришилди. Бунинг натижасида “Бўрикалла”, “Баргинай”, “Гулоби”, “Шерози”, “Амири”, “Кўкча”, “Даҳбеҳи”, “Тошлоқи” сингари ўттиздан зиёд навдаги қовунлар танти миришкорларимиз томонидан эл дастурхонига тортиқ этилмоқда.
Ҳар бир туман учун ажратилган ва байрамона безатилган павильонларда қовунлар ўзига хос манзарали кўринишда намойиш этилмоқда. Шунингдек, турли мева-сабзавотлар, қандолатчилик, асаларичилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилган.
Дастлабки кунда вилоятнинг барча туманлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда 612 та фермер хўжалиги томонидан деҳқонларнинг меҳнати маҳсули ,okufy 7 минг тоннага яқин қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди.
[gallery-24384]
Сайил нафақат шаҳарликлар ва меҳмонларни, сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Улар Бухоронинг ширин қовунларини, ноз-неъматларини татиб кўришмоқда, меҳмондўст халқимизнинг ҳимматига юқори баҳо беришмоқда, шунингдек, санъаткорлар, фольклор-этнографик ансамблларининг саҳна чиқишлари, дилтортар куй-қўшиқларидан ҳам баҳраманд бўлмоқда.
Сайилнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.